Ўзбекистон | 10:42 / 05.01.2026
2238
3 дақиқада ўқилади

Автосалонлар ва сервисдаги муаммолар бўйича мурожаатлар: натижалар эълон қилинди

Рақобат қўмитаси ва унинг ҳудудий органларига келиб тушаётган автомобилларни етказиб бериш, харид қилиш ҳамда кафолатланган сервис хизматлари билан боғлиқ мурожаатлар ўз вақтида ўрганилиб, истеъмолчиларнинг қонуний ҳуқуқлари тикланиши таъминланмоқда.

Фото: iStock

Рақобат қўмитаси ва унинг ҳудудий бошқармаларига фуқаролардан автомобиллар хариди, етказиб берилиши ва кафолатли сервис хизматларига доир келиб тушган мурожаатлар кўриб чиқилиб, қатор ҳолатларда истеъмолчилар манфаати ҳимоя қилинмоқда.

Бухоро вилоятида ёқилғи сифати билан боғлиқ ҳолат ўрганилиб, фуқаронинг “Нарзуллообод Жавоҳири” ХК ёнилғи қуйиш шохобчасидан олган 10 литр АИ-95 бензини сабаб автомобилида носозлик келиб чиққанлиги маълум бўлди. Сервис хулосаси асосида корхонага нисбатан иш қўзғатилиб, истеъмолчининг 14,4 млн сўмга яқин зарари қопланиши таъминланди.

Жиззах вилоятида Самарқанд вилояти фуқаросининг Jizzax Avto Savdo МЧЖдан харид қилинган Chevrolet Tracker Premier Plus автомобили моторида нуқсон аниқлангани бўйича мурожаати кўриб чиқилди. Натижада автосалон томонидан нуқсонли автомобил ўрнига худди шу нархдаги янги автомобил тақдим этилиши таъминланди.

Қашқадарё вилоятида Ғузор тумани фуқароси Favorite-Cars-Service МЧЖга 27.01.2025 куни тўлов қилганига қарамай, Cobalt автомобили белгиланган муддатда етказилмагани юзасидан мурожаат қилган. Ўрганишлар натижасида 10 ой кутилган автомобил фуқарога етказиб берилиши таъминланди.

Навоий вилоятида BILLUR AVTO SAVDO NAVOIY МЧЖдан харид қилинган ONIX автомобилининг олд эшик қопламасида нуқсонлар борлиги ва аккумулятори носозлиги ҳақидаги мурожаат ўрганилди. Натижада нуқсонлар бартараф этилди ва аккумулятор янгисига алмаштирилиши таъминланди.

Самарқанд вилоятида 2025 йил 3 ноябрда Cobalt автомобили учун тўлиқ тўлов қилингани, бироқ автомобил ўз вақтида етказилмагани аниқланди. Натижада автосалон томонидан Cobalt автомашинаси қисқа муддатда фуқарога топширилиши таъминланди.

Сурхондарё вилоятида Термизлик фуқаронинг 173 млн сўмлик Chery автомобилида қисқа муддатда носозлик юзага келгани ва таъмирланмаётгани ҳақидаги мурожаати кўриб чиқилди. Натижада автомобил автосалон томонидан тўлиқ таъмирлаб берилди.

Тошкент вилоятида кафолатдаги KIA Sonet автомашинасида техник носозлик аниқланиб, таъмирлаш учун 840 минг сўм талаб қилингани юзасидан мурожаат ўрганилди. Натижада Qibray Avto Markaz МЧЖ томонидан автомашина мойи ва филтри бепул янгисига алмаштириб берилиши таъминланди.

Тошкент шаҳрида Чиноз туманида яшовчи фуқаронинг TOSHKENT DEU МЧЖдан харид қилган Damas-2 D2 Style Plus автомобилида нуқсонлар борлиги ва сифатлисига алмаштиришда муаммолар юзага келгани ҳақидаги мурожаати ўрганилди. Натижада нуқсонли автомобил фуқарога худди шу русумдаги янгисига алмаштириб берилиши таъминланди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид