Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Тўқаев МДҲ давлатлари президентлари қандай спорт тури билан шуғулланишини айтди
Тўқаев йога билан мунтазам шуғулланиши ва стол тенниси ўйнашини айтди. Шунингдек, МДҲ мамлакатларидаги ҳамкасбларининг жисмоний фаоллиги ҳақида ҳам маълумот берди.
Фото: turkystan.kz
Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев маҳаллий «Туркистон» газетасига катта интервю берди. У сиёсий ва иқтисодий мавзудаги шарҳлардан ташқари, бошқа саволларга, хусусан, саломатлик ҳақидаги саволларга ҳам жавоб берди.
Тўқаев йога билан мунтазам шуғулланиши ва стол тенниси ўйнашини айтди. «Мен мунтазам равишда йога билан шуғулланаман, стол тенниси ўйнайман», деди у.
Қозоғистон раҳбари сўзларига кўра, бу унинг соғлиғига «ижобий таъсир кўрсатади», соғлиғида муаммолар йўқ, қон босими барқарор - меъёрда.
«Мен кундалик йога машғулотларига киришиб кетдим, лекин медитациясиз. Ҳафтада бир-икки марта собиқ профессионал теннисчи билан стол тенниси ўйнайман. Дарҳақиқат, 9 килограмм вазн йўқотдим, бу эса ўзимни яхши ҳис қилишимга ёрдам берди», деди у.
Тўқаев МДҲ мамлакатларидаги ҳамкасбларининг жисмоний фаоллиги ҳақида ҳам маълумот берди.
Унинг сўзларига кўра, Россия етакчиси Владимир Путин яқинда Бишкекда бўлиб ўтган норасмий тадбирда ёш дзюдочи билан жангда кучини кўрсатиб, жисмоний чидамлилик намойиш этган. Озарбойжон президенти Илҳом Алиев доимий равишда жисмоний машғулот қилади, Қирғизистон раҳбари Садир Жапаров эса футбол ўйнайди. Ўзбекистон етакчиси Шавкат Мирзиёев спорт залидаги машғулотлар билан формасини сақлаб туради, Арманистон бош вазири Никол Пашинян эса велосипедда фаол ҳаракатланади. Беларус президенти Александр Лукашенко хоккей ўйнашда давом этмоқда, Тожикистон раҳбари Имомали Раҳмон эса чиниқиш ва жисмоний машқлар туфайли «мустаҳкам соғлиғини сақлаб қолмоқда».
«Бир сўз билан айтганда ҳамкасбларимнинг барчаси соғлом», деди Тўқаев.
Мавзуга оид
18:20 / 06.01.2026
Nestle хавфли токсин туфайли Қозоғистонда савдога чиққан болалар озуқасини қайтариб олади
00:07 / 01.01.2026
Шавкат Мирзиёев ўзбекистонликларни янги йил билан табриклади
18:32 / 30.12.2025
Янги Тошкентни пойтахт билан боғловчи метро линияси ва кўприк қурилмоқда
18:27 / 30.12.2025