Ўтган йилнинг илк муҳим воқеаси Доналд Трамп президентликка қайтгани бўлганди. Бу йил ҳам Трамп янги йил кириб келиши билан дунё матбуоти унинг номини айтиб бонг уришини эплади. Шоумен ахир!
Трамп буйруғи билан америкалик ҳарбийлар 30 миллион одам яшайдиган бутун бошли давлат президенти Николас Мадурони ўғирлади. Ярим тунда, хотини билан ётоқхонада ухлаб ётган президент Мадурони оёғини ерга теккизмай олиб қочишди. Буни ҳеч ким сезмай ҳам қолди. Операция шунчалик тез бўлдики, дунё нашрларида бу ҳақда хабарлар чиққанда Nike брендининг қимматбаҳо кийимини кийиб олган Мадуро Америка ҳарбий кемасида Ню Йоркка қараб йўлга чиқиб бўлганди. Кўп ўтмай тармоқда худди 2003 йил Саддам Ҳусайнни қўлга олишгандаги каби Мадуронинг ҳам қўли боғлиқ расмлари тарқалди...
Яшин тезлигидаги операция
Мадурони қўлга олиш операцияси катта тезликда ўтказилди. Воқеалар ривожига қаранг: Америка ҳарбий кемалари Венесуэла қирғоқларига киради, бортдаги вертолётлар Америка махсус хизматининг «Delta» элит бўлинмаси ҳарбийларини олиб Каракас томон учишни бошлайди. Юзлаб қирувчи самолётлар вертолётга йўл очиб, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ва бошқа тўсиқларни йўқ қилиб боради. Махсус кучлар Мадуронинг қаттиқ қўриқланадиган қароргоҳига куч билан ёриб кириб, президент ва унинг хотинини олади-да, Венесуэладан чиқиб кетади. Ва энг даҳшати – мана шунча воқеа ярим соат атрофида бўлиб ўтади.
Тўғри, операцияга тайёргарлик кўрилган, разведкачилар, ҳарбийлар тун-у кун ухламай барча ишни пишитиб қўйган, лекин Мадурони қўлга олиш операциясининг асосий қисми ярим соатда амалга ошади. Америкалик ҳарбийлар истаган одамларини олгач, окоп қазмади, артиллерияни жойлаштириб, Венесуэла энди бизники демади, «Каракасни уч кунда оламиз» ҳам демади, шунчаки операцияни юмалоқ ёстиқ қилиб, худди ҳеч нима бўлмагандай мамлакатдан чиқиб кетишди. Ярим соат ичида! Агар бунақаси Hollywood филмларида бўлса, режиссёрни бўрттиришда айблаган бўлардик. Ахир бутун бошли мамлакат президентини бошқа мамлакат ҳарбийлари шунча вақт ичида ўғирлаб кетишига ишониб бўлармиди? Лекин ўша ҳарбийлар Америка махсус хизматларининг «Delta» бўлинмаси зобитлари бўлса, бунга ишонса бўларкан.
Мадурони қўлга олиш операцияси худди Покистонда Усама бин Лодинни ушлаш амалиётини эслатди. Ўшанда ҳам махсус кучлар вертолётда бин Лодиннинг уйига кириб нишонни йўқ қилишади-да, арвоҳ каби воқеа жойидан «жуфтакни ростлаганди». Аммо бу гал натижа анча яхши – бин Лодиннинг жасадини олиб кетишганди, Мадурони тирик, эсон-омон, қўлига сув бериб олиб кетишди.

















