Украина президенти Володимир Зеленский Доналд Трамп билан Ню-Йоркда учрашишни режалаштираётганини маълум қилди. У бу ҳақда 20 сентябр, якшанба куни АҚШ президенти билан телефон орқали мулоқотидан кейин Telegram каналида ёзди.
Зеленскийнинг сўзларига кўра, икки мамлакат раҳбарлари Ню-Йоркда шахсан учрашишга келишиб олган. Украина президенти бу музокара тинчлик жараёни нуқтаи назаридан муҳим аҳамият касб этиши ва «кўп нарсани ўзгартириши мумкин»лигини таъкидлади.
Бироқ Зеленский учрашув айнан қайси куни ўтказилишини очиқламади. Доналд Трамп ҳам хабар эълон қилинган вақтга қадар Ню-Йоркда Украина президенти билан учрашиш режасини расман тасдиқламаган.
Телефон мулоқоти давомида Зеленский АҚШ президентининг махсус вакиллари Стивен Уиткофф ва Жаред Кушнернинг Киевга яқинда амалга оширган ташрифи учун Трампга миннатдорлик билдирган.
Украина президентининг айтишича, Америка вакиллари билан учрашувда муҳим масалалар батафсил муҳокама қилинган ва улар Украинадаги вазиятни бевосита кўриш имконига эга бўлган.
Зеленский Украинадаги урушни тинч йўл билан тугатиш бўйича музокаралар Киев учун биринчи даражали устувор йўналиш эканини таъкидлади.
Шунингдек, Украина раҳбари Россияга нисбатан санкция босимини кучайтириш имконини берувчи «Линдси Грэм қонуни»ни имзолагани учун Трампга миннатдорлик билдирди.
Зеленскийнинг маълум қилишича, Киевда вазиятни юмшатиш ва хавфсизликнинг асосий масалалари бўйича бир қатор таклифлар мавжуд. Улар энергетика ва озиқ-овқат хавфсизлиги ҳамда инсонлар ҳаётини ҳимоя қилишга доир чораларни қамраб олади.
«Биз Америка жамоаси билан биргаликда ишлаяпмиз ва ҳақиқатан ҳам жиддий қадамлар ташлашга тайёрмиз», — деди Украина президенти.
Уиткофф ва Кушнер 6 сентябр куни Киевда Зеленский билан учрашган эди. Бу Доналд Трампнинг иккинчи президентлик муддати бошланганидан кейин унинг махсус вакилларининг Украинага илк ташрифи бўлди.
Америка вакиллари Киевга келишидан бир кун олдин, 5 сентябрда Москвада Россия президенти Владимир Путин билан уч соатлик музокара ўтказган.
Киевдаги учрашувдан кейин Зеленский Axios нашрига Америка томони етказган асосий хабар «Россия музокараларга тайёр» эканидан иборат бўлганини айтган эди.

















