Жаҳон | 11:48 / 08.01.2026
2189
3 дақиқада ўқилади

Литва бош вазири: россиялик мухолифатчи Волков Литвада қолмаслиги керак

Литва бош вазири Инга Ругинене Алексей Навалнийнинг ҳамкори бўлган Леонид Волковнинг РКК асосчиси Капустин ва Украина президенти офиси раҳбари Буданов ҳақида айтган гапларидан норози. Литва ҳокимияти Волковнинг сўзлари мамлакат хавфсизлигига таҳдид соладими-йўқми — шуни текширувдан ўтказмоқда.

Фото: Артем Коротаев/ ТАСС

Литва бош вазири Инга Ругинене шу мамлакатда яшаётган россиялик мухолифатчи Леонид Волковнинг “Рус кўнгиллилар корпуси” (РКК) асосчиси Денис Капустин ва Украина президенти офисининг ҳозирги раҳбари Кирилл Буданов ҳақидаги салбий баёнотларини кескин танқид қилди. “Менинг шахсий фикримча, бундай баёнотларни қабул қилиб бўлмайди, бундай одам Литвада қолмаслиги керак”, — деди Ругинене 7 январ, чоршанба куни.

Бош вазир Волков Литвадаги яшаш рухсатномасидан маҳрум қилиниши мумкин бўлган Давлат хавфсизлиги департаменти текшируви батафсил ўтишидан умид билдирди. Литва ҳукумати раҳбарининг айтишича, у келгусида ҳам шундай баёнотлар, ҳам бундай гапларни айтишга йўл қўядиган одамлардан қочиш имкони бўлишига умид қилмоқда.

Текширувга сабаб 5 январ куни Коррупцияга қарши кураш жамғармасининг (ФБК) собиқ ходими Анна Тирон томонидан эълон қилинган маълумот бўлди, у ҳозир РККда ишлайди. У Facebook’да Леонид Волков унга Денис Капустиннинг ўлими ҳақидаги хабардан кейин (у пайтда унинг ўлими фақат саҳналаштириш экани ҳали маълум эмас эди) юборган хабар матнини жойлаштирган.

Ушбу хабарда Волков Капустинни “нацик” деб атаган, шунингдек у РКК билан бирга “Буданов деган ифлос қишлоқи сиёсий технологнинг шубҳали вазифаларини ҳал қилган”ини ёзган.

Кейинроқ Волков ёзган хабаридан афсусдалигини билдирди. LRT медиакомпаниясига изоҳида у неонацистлар билан ҳамкорлик қилиш ғоясини рад этишини ва РФнинг Украинага қуролли бостириб кириши учун барча россияликлар жамоавий жавобгар, деган даъволарга қўшилмаслигини айтди.

Волков, шунингдек, унинг сўзларига кўра, оммавий майдонда “ҳамма руслар ёмон” ва “барча россияликлар айбдор” қабилидаги риторика янграганини, бу “жумладан Украина президенти офисида ҳам” учраганини таъкидлади. Шу билан бирга, Волков бундай позицияни “эмоционал жиҳатдан” тушунишини қайд этди.

6 январ куни Литва Миграция департаменти Давлат хавфсизлиги департаментига Волковнинг баёнотлари мамлакат хавфсизлигига таҳдид соладими-йўқми, деган савол билан мурожаат қилгани маълум бўлди. Агар махсус хизматлар бундай таҳдид бор, деган хулосага келса, Волковнинг яшаш рухсатномаси бекор қилиниши мумкин. У Литвада 2019 йилдан бери яшайди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид