Эрон режими декабр охирида бошланган оммавий намойишларга электрон алоқа каналларини блоклаш орқали жавоб бермоқда. 8 январ кечқурундан бери Эрон амалда интернетдан узиб қўйилган. SMS юбориш ва мобил интернет (мобил маълумот узатиш) ишламайди, мобил алоқа эса кескин чекланган. “Барча алоқа каналларида, айниқса Starlink тармоғида катта узилишлар кузатилмоқда”, — дея DW'га берган изоҳида тасдиқлади Miaan Group ташкилотида рақамли ҳуқуқлар ва киберхавфсизлик бўйича директор Амир Рашидий. Унинг фикрича, Эрон ҳокимияти интернетни узоқ муддатга ўчириб қўйиши мумкин. “Чунки режим учун бу — тирик қолиш масаласи”, — деди эксперт.
8 январ куни намойишларнинг дастлабки соатларида олинган видеоларда бутун мамлакат бўйлаб кўплаб одамлар кўчаларга чиққанини кўриш мумкин. “Биз шунчаки сайр қилмоқчимиз”, — деб ёзган уларнинг кўпчилиги бундан олдин шахсий хабарларда ёки ижтимоий тармоқларда постлар орқали. 8–9 январ кунлари маҳаллий вақт билан соат 20:00 да йиғилиш ва кўчада ёки балконлардан туриб режимга қарши шиорлар айтиш чақириқлари сўнгги кунлардаги илк мувофиқлаштирилган акция бўлди.
Бу ташаббусни сўнгги шоҳнинг ўғли, 1979 йилдан бери АҚШда муҳожирликда яшаётган шаҳзода Ризо Паҳлавий илгари сурди. “Сизнинг реакциянгизга қараб, кейинги ҳаракатлар ҳақида эълон қиламан”, — деди 65 ёшли Паҳлавий Instagram’даги видеомурожаатида. Бу видеони 80 миллиондан ортиқ одам томоша қилган.
Бироқ Эрондаги намойишчилар ҳақиқатан ҳам монархияни қайтаришни хоҳлаяптими-йўқми — ҳали аниқ эмас. Монархия 1979 йил инқилоби чоғида тугатилган. Эрон аҳолисининг ўртача ёши ҳозир тахминан 33–34 ёш, шунинг учун шоҳ давридаги ҳаёт қандай бўлганини эслайдиганлар тобора камаймоқда. Айни пайтда шаҳзода Ризо Паҳлавий мухолифат гуруҳлари орасида етакчилар етишмаслигидан фойдаланиб, Эронда сиёсий таъсирини тиклашга уринаётгани айтилади.
Мамлакат ичидаги ҳозирги шароитда режимга қарши қаршилик тузилмалари деярли шакллана олмайди. 1979 йилдан бери Эрон ҳокимияти учун репрессиялар, мухолифатга қарши мақсадли ҳужумлар одатий ҳол ҳисобланади. Ўша пайтда оятуллоҳ Хомейний бошчилигидаги диний, консерватив қанот ҳокимиятга келган ва шундан буён мамлакатдаги ҳар қандай мухолифатни тизимли равишда бостириб келмоқда. Охирги 25 йил ичида оммавий намойишлар бир неча бор қаттиққўллик билан тарқатилган.
Бу вазиятда адвокат Марзия Моҳебий халқаро ҳамжамиятга мурожаат қилмоқда. “Сиз Эрондаги намойишчиларни ёлғиз қолдирмаслигингиз керак”, — деб ёзади у DW учун изоҳида. 2022 йилда “Аёл, ҳаёт, эркинлик” шиори остида намойишлар тўлқинига сабаб бўлган Маҳса Аминийнинг ўлимидан кейин адвокатнинг ўзи ҳам хавфсизлик кучлари диққат марказига тушган ва Эронни тарк этишга мажбур бўлган. У икки йилдан бери Францияда муҳожирликда яшайди. “Кеча кечқурун менинг туғилган шаҳри Машҳадда барча маҳаллаларда кўчага чиққанлар оқими жуда катта бўлди”, — деди Моҳебий. Унинг айтишича, “намойишлар янги шакл олди: унда фақат ёшлар эмас, кўплаб оилалар ҳам қатнашмоқда”. “Интернет очиқ бўлган пайтда, намойишчилар билан хавфсизлик кучлари ўртасида тўқнашувлар ҳақида хабарлар келиб тушаётган эди”, — деди адвокат.











