Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Эронда оммавий намойишлар кучаймоқда: қурбонлар сони ортяпти
Эрон хавфсизлик кучлари намойишчиларни қаттиққўллик билан тарқатиши ва интернетни блоклашига қарамай, Теҳрон ва Эроннинг бошқа йирик шаҳарлари кўчаларига минглаб намойишчилар чиқди. Ҳуқуқ ҳимоячилари камида 60 киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар бермоқда.
Фото: REUTERS
Эронда жума куни, 9 январ кечқурун, яна оммавий норозилик акциялари бўлиб ўтди. Эрон хавфсизлик кучларининг намойишчиларга нисбатан қаттиқ чоралар кўраётгани ва интернет блокланганига қарамай, Теҳрон ва мамлакатнинг бошқа йирик шаҳарлари кўчаларига кўп сонли норози фуқаролар чиқди.
AFP агентлиги ҳақиқийлигини тасдиқлаган видеороликларда Эрон пойтахтининг шимолидаги Саадатобод туманида намойишчилар кастрюлкаларга уриб, “Хоманаийга ўлим!” деган шиорларни айтаётгани кўринади. Улар ўз мурожаатини Эрон олий раҳбари оятуллоҳ Али Хоманаийга қаратмоқда. Йўлдан ўтаётган автомобиллар эса уларни қўллаб-қувватлаш белгиси сифатида сигнал чалган.
Кўчадаги оммавий намойишлар фонида ҳокимият Теҳрон кўчаларида назоратни кучайтирмоқда. Эрон пойтахтининг асосий магистралларидан бирида хавфсизлик кучларининг махсус бўлинмалари ҳар 10 метрда биттадан блокпост ўрнатган, уларда калашников автоматлари билан қуролланган куч тузилмалари ходимлари турибди, деб ёзади “Амиркабир” талабалар бюллетени.
Шу орада Теҳрон шаҳар ҳокими Алиреза Заканий 9 январ тунги намойишлар натижасида келтирилган зарар ҳақида маълум қилди. Унинг айтишича, 50 дан ортиқ банк ва бир неча давлат муассасасига ўт қўйилган, 30 дан ортиқ масжид эса ёнғинда бутунлай вайрон бўлган.
Эрондаги инсон ҳуқуқлари маркази (CHRI) ҳуқуқ ҳимоячилари гувоҳлар кўрсатмаларига таяниб, Теҳрон, Машҳад ва Караж шаҳарларида шифохоналар яраланган намойишчилар билан тўлиб кетганини хабар қилмоқда. HRANA ҳуқуқий ахборот агентлиги маълумотларига кўра, норозилик акциялари вақтида камида 62 киши ҳалок бўлган, 2300 намойишчи қўлга олинган.
Эроннинг олий раҳбари оятуллоҳ Али Хоманаий оммавий намойишларни кескин қоралади. У норозилик иштирокчиларини “иғвогарлар” ва “мамлакатга зиён етказаётган” одамлар деб атади. “Вайрон қилиш — айрим шахсларнинг иши”, — деди Хоманаий 9 январ куни. Унинг қўшимча қилишича, улар бундай бузғунчиликни “фақат АҚШ президенти хурсанд бўлиши учун” қилмоқда, бунда у Доналд Трампни назарда тутган.
Эроннинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) ҳузуридаги элчиси Амир Саид Ираваний ҳам, Reuters агентлиги хабар қилишича, Вашингтон ва Исроил ҳукуматини “беқарорлаштирувчи ҳаракатлар”да ва “тинч намойишларни зўравон вандализм ҳаракатларига айлантириш”да айблади.
Мавзуга оид
22:50 / 10.01.2026
Эрон сўнгги шоҳининг ўғли халқни шаҳарларни эгаллаб олишга чақирди
21:16 / 10.01.2026
Эрондаги намойишлар: хариталар устида шарҳ
09:10 / 10.01.2026
Эронда намойишлар: ҳал қилувчи соатларда интернет деярли тўлиқ ўчирилди
09:04 / 10.01.2026