Володимир Зеленский ва Доналд Трамп ўн йил ичида Украинани тиклаш учун 800 миллиард доллар жалб қилишни назарда тутувчи «фаровонлик» шартномасини имзоламоқчи, деб ёзди The Telegraph Ғарб расмийларига таяниб. Гап хусусий компанияларнинг кредитлари, грантлари ва инвестициялари ҳақида кетмоқда.
Украина ва АҚШ президентлари 19-23 январ кунлари Давосда бўлиб ўтадиган Жаҳон иқтисодий форумида якуний келишувга эришиши ва битим тузиши тахмин қилинмоқда. Дастлаб, Зеленский келаси ҳафта Оқ уйга бориб, у ерда АҚШ билан иқтисодий фаровонлик режасини, шунингдек, Украина учун урушдан кейинги хавфсизлик кафолатлари тўғрисидаги шартномани имзолашни режалаштирган эди. Аммо Европадаги иттифоқчилар Зеленскийнинг Трамп билан учрашуви учун энг яхши муқобил сифатида Давосни таклиф қилишди, дейди нашр суҳбатдошлари.
The Telegraph маълумотларига кўра, фаровонлик режаси ўтган баҳорда тузилган фойдали қазилмалар бўйича келишув асосида ишлаб чиқилган бўлиб, бу келажакда америкалик инвесторларга Украинадаги тоғ-кон лойиҳаларида иштирок этишда имтиёзлар беради. Киевдагилар Вашингтонни Украинани урушдан кейинги тиклашда иштирок этишга таклиф қилиш – Трампни ишончли хавфсизлик кафолатларини тақдим этишга ундайди, деб ҳисобламоқда.
Володимир Зеленский Bloomberg учун берган интервюсида Украинани тиклаш бўйича урушдан кейинги кенг кўламли чора-тадбирлар тўплами доирасида АҚШ билан эркин савдо бўйича эҳтимолий келишувни муҳокама қилаётганини айтди. Унинг сўзларига кўра, бу келишув Украинанинг баъзи саноат ҳудудлари учун АҚШ билан савдога «нол» божларни назарда тутади, бу эса мамлакатга қўшни давлатларга нисбатан «жуда жиддий имтиёзлар» беради ва чет эл инвестицияларини жалб қилиши мумкин. Украина раҳбарининг фикрича, бундай келишув иқтисодий хавфсизликнинг қўшимча кафолати бўлиб ҳам хизмат қилади.
Бундай эркин иқтисодий зона Донбасснинг айрим ҳудудларида пайдо бўлиши ва ҳар икки томондан қўшинларни хавфсиз масофага олиб чиқишни назарда тутувчи муросали ечимга айланиши мумкин, деган Украина президенти. Аммо бу вариант Россия томонидан ҳам шундай қадамлар бўлишини, шунингдек, Украина аҳолиси муҳокамасидан ўтказишни талаб қилади. Муқобил сценарий эса қўшинларни олиб чиқмасдан ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш ва кейинчалик баҳсли масалаларни дипломатик йўл билан ҳал қилишни назарда тутади.
Зеленский, шунингдек, Америка томонига ҳудудий масалалар бўйича ўз позициясини етказгани ва Россия январ ойи охиригача Киев ва Вашингтон томонидан келишилган 20 банддан иборат тинчлик режасига ўз жавобини беришини кутаётганини айтган.








