Намойишчиларда рамзий бўлса ҳам, илк бор етакчи пайдо бўлди – у Эроннинг ағдарилган сўнгги шоҳининг ўғли Ризо Паҳлавий. АҚШ эса воқеаларни диққат билан кузатиб бормоқда, президент Доналд Трамп бир неча марта вазиятга аралашиш билан таҳдид қилди. Бундан ташқари, ўтган йил июнида Исроил билан бўлиб ўтган уруш ҳамда АҚШ авиацияси зарбаларидан кейин Эроннинг минтақа етакчиси сифатидаги мавқейига жиддий путур етган.

Намойишлар кўлами

Намойишлар 28 декабр куни Теҳронда бошланганди ва бир кун ўтиб бошқа шаҳарларга ҳам тарқалди. Оммавий норозилик акцияларига нархлар кескин кўтарилиши ва Эрон риёлининг АҚШ долларига нисбатан курси жиддий равишда қулаши сабаб бўлганди: ушбу мамлакатда бир йил ичида Америка валютаси тахминан 80 фоизга қимматлаган.

Иқтисодий шиорлар ўрнини тезда сиёсий шиорлар эгаллади – кўчаларга чиқаётганлар орасида Ислом республикасини буткул тугатиш ва монархияни тиклаш талаблари ҳам янграй бошлади.

Намойишларга айнан қанча одам чиққанини текшириш мураккаб – халқаро ахборот агентликларига воқеаларни Эрон ҳудудидан туриб ёритишга рухсат берилмаган. Бундан ташқари, Эрон ҳукумати намойишчиларнинг ўзаро алоқасини узиш, ахборот йиғиш ва тарқатишни қийинлаштириш мақсадида бутун мамлакатда интернетни ўчириб қўйди. Аммо гувоҳлар ва экспертларнинг турли маълумотларига кўра, ҳозирги чиқишлар кўлами жиҳатидан аввалгиларидан анча устун.

Социолог-тадқиқотчи Али Хурсандфарнинг BBC билан суҳбатда таъкидлашича, митинглар «кўпчилик ҳеч қачон номини ҳам эшитмаган» кичик аҳоли пунктларигача тарқалган.

2022 йилги намойишлар
Ameer Alhalbi/Getty Images

Эрондаги олдинги намойишлар ҳам оммавий бўлса-да, бу қадар кенг кўламга эга бўлмаган. 2009 йилда эронликлар сайловлардаги сохталаштиришларга қарши норозилик билдириб кўчаларга чиққан эди. Ўшанда намойишларга мағлуб номзодлар бошчилик қилган, «Яшил ҳаракат» деб аталган ҳаракат тузилганди. Норозиликнинг ҳаракатлантирувчи кучи ўрта синф бўлган. Лекин намойишлар фақат йирик шаҳарлар билан чекланганди. 2017 ва 2019 йилларда бўлиб ўтган бошқа йирик норозилик намойишлари эса асосан камбағал ҳудудлар билан чекланган.

2022 йилги норозилик намойишлари «тўғри кийинмагани» учун маънавият полицияси томонидан ҳибсга олинган Маҳса Аминийнинг ўлимидан кейин бошланган. Ўшанда Эрон 1979 йилги ислом инқилобидан бери энг йирик норозилик намойишлари тўлқинини бошдан кечирди, аммо охир-оқибат ҳукумат томонидан бостирилди.