Kun.uz мухбири АҚШга сафари давомида Калифорния университети тиббиёт факультети профессори, асли ўзбекистонлик Шароф Тўғизов билан суҳбатлашди. 90-йиллардаги турғунлик ва илм-фанга эътиборсизлик ортидан АҚШга кетган ёш олим, у ерда ўз фаолиятини қайтадан бошлайди ҳамда бугунга келиб вирусология ва юқумли касалликлар соҳаси бўйича биология фанлари доктори, профессор даражасига етган. Шароф Тўғизов, шунингдек, шифокор-вирусолог, генно-инженер олим бўлиб, университетнинг Сан-Францискодаги бўлимида ишлайди.
— Айнан Ўзбекистонда академик эркинлик йўқлигига нима сабаб деб ўйлайсиз?
— Асосий сабаб демократияга ўтиш бўлмаётгани. 90-йиллар бошида барча собиқ иттифоқ давлатлари демократияни танлади, аммо 30 йилдан ошдики, демократияга ўтолмаяпти. Демократик давлатга яқинлик деган гап ҳам бор, лекин бу унчалик тўғри эмас. Масалан, Жанубий Корея ҳеч қандай демократик давлатга яқин эмас, лекин демократия ишлаб турибди. Демократия бу — сиёсий эркинлик.
Демократия учун биринчи галда эркин фикрловчи сиёсатшунос олимлар ва уларга қулоқ солувчи ҳукумат керак. Ва демократик институтлар ишлаши лозим, шундагина ўзгариш бўлади. Агар шу нарсалар бўлмаса, тўхтаб тураверади. Дунёда 60-70 фоиз давлатда демократия ишламайди, номигагина демократия улар. Маҳаллий ҳокимликлардан тортиб суд тизимигача эркин сайлов бўлиши керак. Ҳокимликлар, парламент ва суд тизими бир-бирини тийиб турувчи бўлиши керак ва айтганимиздек, бунинг учун эркин сайлов тизими лозим.
Ўзбекистонга борганимда кўп гаплашаман хукумат доирасидаги одамлар билан. Уларнинг ҳаммаси билади нима қилиш кераклигини айтишади ҳам, лекин амалда ҳеч нарса йўқ. Бу характер фақат Ўзбекистонда эмас, бошқа кўпчилик давлатларда ҳам шундай.
— Ўзбекистондаги олимларнинг ўзи ҳам академик эркинликка ҳаракат қиляптими?
— Бу бўйича аниқ фактларни билмайман. Лекин шуниси маълумки, академик эркинлик учун аввало қонун қабул қилиниши керак, яъни хуқуқий асос лозим. Олимларга хуқуқий кафолат бўлмагач, улар қўрқади ва гапиролмайди. Масалан, Ўзбекистонда Зарифбой Ибодуллаев деган тиббиёт олими бор. Пандемия вақтида вебинар қилиш таклифи билан чиққан менга, бир нечта вебинарлар қилганмиз у билан. Ўша киши кўп қаттиқ танқидлар қилади соҳаси бўйича, таълим бўйича. Ўзим билган бир вазиятда унинг танқидидан кейин ишлаб турган жойидаги раҳбарият, ҳамкасблари унга ҳар хил гаплари, «танбеҳ»лари билан босим ўтказгандек бўлди. Кўряпсизми, ҳали давлат органлари эмас, ўз атрофидагилар шу ишни қиляпти. Бу деганики, олимлар академик эркинликни тушунмайди. Америкада бундай танқидлар одатий ҳол, ҳеч ким тақиқ қўймайди. Бу ерда қайтага гапираётган олимнинг иш жойи қўллаб-қувватлайди бизнинг олим деб.
















