Иқтисодиёт | 10:25 / 19.01.2026
1299
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон, Полша ва Чехия агросоҳада ҳамкорликни кенгайтиради

18-Берлин қишлоқ хўжалиги вазирлари конференцияси доирасида Ўзбекистон, Полша ва Чехия вакиллари ўртасида қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган қатор муҳим учрашувлар бўлиб ўтди. Мулоқотларда таълим ва илм-фан йўналишларида ҳамкорлик, “ақлли қишлоқ хўжалиги” ечимлари ҳамда экспорт-импорт жараёнларини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Фото: Қишлоқ хўжалиги вазирлиги

Хусусан, Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Алишер Шукуров Полша давлат котиби Яцек Черняк ҳамда Чехия қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Жиндřич Фиалка билан икки томонлама мулоқотлар ўтказди.

Учрашувларда илмий-тадқиқот институтлари ва олий таълим муассасалари ўртасида қўшма лойиҳаларни ривожлантириш, илмий салоҳиятни бирлаштириш орқали замонавий ечимларни амалиётга жорий этиш муҳимлиги алоҳида таъкидланди.

Шунингдек, рақамли технологиялар, “ақлли қишлоқ хўжалиги” ечимлари, ветеринария ва карантин тизимларини такомиллаштириш, халқаро стандартларга мувофиқликни таъминлаш масалалари юзасидан атрофлича фикр алмашилди.

Мулоқотлар давомида инновацион тажрибаларни ўзаро алмашиш, илғор технологияларни жорий этиш ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорт-импорт жараёнларини ривожлантириш орқали ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Қайд этилишича, мазкур учрашувлар Ўзбекистон ва Европа мамлакатлари ўртасидаги аграр ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, истиқболда қўшма лойиҳалар кўламини кенгайтириш йўлида муҳим амалий қадам сифатида баҳоланмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид