Сирдарё вилоятининг қатор туманларида фермер хўжаликларининг ер майдонлари олиб қўйилиб, аукцион орқали сотувга чиқарилмоқда: уларнинг эҳтимолий харидори хорижлик инвесторлар бўлади. Kun.uz студиясида иқтисодчи Отабек Бакиров ва экспертимиз Камолиддин Икромов билан мазкур мавзуда суҳбат қилдик.

Камолиддин Икромов, Агробизнес ассоциацияси раҳбари: Ерларни ёппасига олиб қўйиш ҳаракати бўляпти, Ховос, Гулистон, Оқолтин, Қўрғонтепада. Олиб қўйишдан ташқари бўш ер, захирадаги ерларни ўзимизнинг деҳқонлар ололмайдиган даражада йириклаштиришяпти лотларни. Мисол учун, 1000 гектар лот қўйилган... Уни арзон нархда чет эллик инвестор сотиб олади. Тахминан 1 гектари 8 миллион сўмдан тўғри келяпти. Лекин худди ўша ҳудудда, битта туманда шу фермерлар 5 гектар ернинг 1 гектарини 80 миллион сўмдан 400 миллион сўмга сотиб олган ҳолатлари бор. Ўзимизнинг қоракўз деҳқонлар деҳқончилик қила олишига кўзи етиб сотиб олган. Лекин уларнинг пули етмайдиган даражада катта лотларни қўйиш кимга керак бўлиб қолди? Бунинг тагида нима бор?

Бу билан тегишли ташкилотлар шуғулланиши керак. Узоқ муддатли ижарага бергандан кейин мулк ҳуқуқи шаклланади...

Ховос туманида ҳозир 17 минг гектар ер дирекцияга ўтади дейишяпти. Келажакда бу ерлар инвесторга берилади деган гаплар бор. Бунақада у ҳудудда кейин деҳқончилик ўлиб қолади-ку. Узоқ муддатли ижарага бергандан кейин ижара муддатини чўзиб беришга тўғри келиб қолиши мумкин.

Шокир Шарипов, журналист: Иқтисодиёт фани нима дейди?

Отабек Бакиров, иқтисодчи: Ҳуқуқ қандай ишлашига боғлиқ. Ўтган йили президент фармони чиққан эди. Бешта туманда ҳуқуқий эксперимент тарзида фермер хўжаликларининг 80 фоиз ерини захирага топширса, қолган 20 фоизини норматив қийматининг 50 фоиз қийматида сотиб олиш устувор ҳуқуқи берилиши тўғрисида. Тажриба. Фармонда бу тажрибани бутун Ўзбекистонга татбиқ этамиз дейилган. Шу фармон чиққан пайтда ўз-ўзидан менда саволлар туғилди.

Отабек Бакиров

Биринчи савол. Фермер хўжаликлари узоқ йиллардан буён ижара шартномаси асосида ишлаяпти ўзи, мерос қолдириш ҳуқуқидаги ижара шартномаси асосида. Бусиз ҳам ижара ҳуқуқидаги ерларни нима учун топшириши керак ва нима учун янги ижара шартномаси асосида ўзларига 20 фоизини, яна пул тўлаган ҳолда қабул қилиб олиши керак?