“Балки бу китобни ўқишдан воз кечаётгандирсан, энг камида ичингда шундай ўйлайсан. Билгинки, сени бундан воз кечтирган ҳам, ичингдаги васваса ва ғулғула ҳам менман. Ахир айтдим-ку, Мен - сенман...”. Ушбу иқтибос турк адиби Фотиҳ Думаннинг “Мен” китобидан олинди. Бугун “5 дақиқа”да ичимиздаги энг катта душман ҳақида гаплашамиз. 

Ушбу асарни гўёки бизга замонавий Истанбулда яшовчи йигит ўқиб беради. Унинг қўлига XVII асрдаги машҳур олим ва қози Азиз Маҳмуд Худойи ҳаёти ҳақидаги китоб тушиб қолади. Йигит мутолаа жараёнида ўзи учун номаълум бўлган дунё эшикларини очиб киради. 

Асар қаҳрамони қози Маҳмуд Афанди Усмонийлар империясининг ҳукмронлиги даврида яшайди. У йиллар давомида машаққат билан илм олади ва ўша даврнинг энг юксак мартабаларидан бири - қозилик мақомига эришади. Бурса шаҳрига қози бўлади.

Қози Маҳмуд Афандини бир ҳолат ларзага солади. Шаҳарда Бакр Афанди исмли фақир киши яшарди, у ҳар йили ҳажга боришни орзу қиларди. Агар шу йил ҳам ҳажга боролмасам, хотинимнинг жавобини бердим, дейди. Буни қарангки, бир бегуноҳ аёл зулмдан қутулиб қолади. Бакр Афанди Уфтода ҳазратларининг дуоси билан Ҳаж амалини бир кечада бажаради. Бу воқеа қози жанобларининг ақлига сиғмайди. Қандай қилиб бир кечада шунча масофани босиб ўтиш мумкин, деб эътироз қилади. Жавоб эса жуда оғир бўлади: “Яратганнинг душмани бўлмиш шайтонга берилган имконият Унинг дўстларига берилмасинми?”

Шу жавоб қози жанобларининг бутун дунёқарашини парчалаб юборди. Бурса қозиси ўз рутбасини ечади. Шайх Уфтода ҳазратларига шогирд тушади. Шу ердан асарнинг энг оғир, энг таъсирли қисми бошланади.

Қози жанобларини телбага чиқаришади

Асарда нафснинг етти даражаси - нафси амморадан комил нафсгача бўлган йўл инсоннинг ички имтиҳонлари сифатида тасвирланади.

Қози Маҳмуд Худоий шайх Уфтода раҳнамолигида нафсни енгиш йўлига тушади. У нафснинг барча босқичларидан ўтиб, илм, тақво ва маънавий барқарорликка эришади. Бу жараёнда ҳар бир даража инсон учун имтиҳон ва машаққат сифатида кўрсатилади.

Нафснинг аммора босқичида кибр, шаҳват, ҳасад ва гуноҳлар инсонни ҳамиша синовдан ўтказади. Кейинги олти босқич янада мураккаблашиб бораверади.