Ўзбекистон | 15:31
3048
4 дақиқада ўқилади

Газ берилмаётгани сабабли метан «заправка»ларда узундан-узун навбатлар сақланиб қоляпти

Метан «заправкалар» иш фаолиятига киритилган чекловлар ортидан ҳудудларда вазият ёмонлашди. Хусусан, Фарғонада автобуслар учун ҳам етарли таъминот амалга оширилмаган. Энергетика вазирлиги 25 январ куни водийдаги 417 та АГҚШга 81,8 минг куб газ берилганини маълум қилди. Иқтисодчи Отабек Бакировга кўра, битта заправкага ўртача 196 куб газ тарқатилган ва бу 12 метрли автобусни тўлдиришга ҳам етмайди. 2026 йилнинг январ ойи якунланаётган бўлса-да, бир ой олдин иш бошлаши ваъда қилинган кўчма контейнерлардан дарак йўқ.

Фото: Kun.uz

Ўтган ҳафтада Энергетика вазирлиги метан «заправкалар» ишига вақтинча чеклов жорий этилганини маълум қилганди. Бу ҳаво ҳарорати пасайиши ва табиий газга талаб ошиши ортидан айрим ҳудудлардаги қувурларда босим пасайгани билан изоҳланганди. Kun.uz’га водий вилоятларидан қатор мурожаатлар келяпти. Таъкидланишича, «заправкалар» ишлаши керак бўлган вақт оралиғида ҳам очилмаяпти.

«Метанда юраман, тирикчилик машинага боғлиқ. Бензин қимматлик қиляпти. «Заправкалар» қачон очилиши мумкинлиги ҳақида аниқ маълумот йўқ, вақтимни беҳудага кутиш билан сарфлаб юборяпман. Ишларимни ҳам режалаштира олмайман, шу бўйича тизимли ишлашса яхши бўларди», дейди мурожаатчилардан бири.

Вазият айниқса Фарғонада жиддийлашган. Ушбу вилоятда 25-26 январ кунлари газ «заправкалар» ёпиқлиги ва жамоат транспорти метан қуя олмагани учун автобуслар ишлай олмаган. Бу республика магистрал тармоғида газ танқислиги мавжудлиги билан изоҳланди.

Энергетика вазирлиги ахборот хизмати маълумотларига кўра, махсус техникалар ва жамоат транспортлари учун 25 январ куни 1,5 млн куб метр, 26 январ куни эса 2,5 млн куб метр газ етказиб берилган.

«Фарғона вилоятида соат 12:00 дан 15:00 гача бўлган вақт оралиғида жамоат транспорти ва коммунал хизмат транспорти учун 22 та, Тошкент вилоятида 14:30 дан 17:30 гача 20 та метан газ қуйиш шохобчаси орқали хизмат кўрсатилди. Қолган ҳудудларда ҳам бу йўналишда ишлар давом эттириляпти», дейилади вазирлик хабарида.

Иқтисодчи Отабек Бакиров «заправка»ларга етказиб берилаётган газ миқдори жуда ҳам камлигига ишора қилиб, тизимни танқид остига олди.

«Энерговазирликнинг 25 январ кунига оид ахборотига нисбатан йиғлашниям, кулишниям билмайсан. Водийда 417 та «заправка» фаолият кўрсатганини иддао қилган энергетикларга кўра, шу «заправка»ларга 81,8 минг куб газ берилган. Яъни битта «заправка»га ўртача 196 куб газ тарқатилган. Маълумот учун, битта 12 метрли автобусни тўлдиришга камида 200-250 куб газ керак бўлади», дея ёзди иқтисодчи.

Kun.uz билан боғланган мурожаатчиларга кўра, Тошкент шаҳрида ҳам аксарият метан «заправка»лар ишламаяпти.

Ваъда қилинган газ контейнерлари қани?

2025 йил 11 декабр куни энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов Олий Мажлис Қонунчилик палатасида энергетика тизимида амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисобот берганди. Унда вазир 2025-2026 йилги қиш мавсумида водий вилоятларидаги газ қуйиш станцияларида юзага келиши мумкин бўлган тақчилликни бартараф этиш мақсадида 2 хил ечим ишлаб чиқилганини маълум қилганди:

«Янги ташаббус ташкил қилинди. Бу босим паст бўладиган Фарғона водийсидаги автомобилларга газ қуйиш станцияларига (АГҚС) кўпроқ таъсир қилиши инобатга олинади. Иккита йўналишда иш ташкил қилдик. Биринчиси, қўшни давлатдаги мавжуд транзит қувурлардан фойдаланган ҳолда яқинроқ масофадан таъминотни амалга ошириш. Ховос–Фарғона линиясидан фойдаланиляпти. Иккинчиси, 150 та кўчма газ қуйиш шохобчаларини олиб келдик. 22 декабргача Бешариқдаги газ қуйиш шохобчаси тўлиқ ишга тушади, ҳозир технологик ускуналар, трейлерлар ва контейнерлар олиб келиняпти. Бу газ «заправка» ўчган пайтда кўчма шохобчаларни тўлдирган ҳолда 5 мингдан 10 минг куб метргача газ етказиб бериш имконини беради. Ҳозирги кунда 14 та АГҚС билан мазкур тизим синаб кўрилди. 22 декабрдан кейин бу Фарғона водийсида захира тизим сифатида жорий қилинади», деганди Мирзамаҳмудов.

2026 йилнинг январ ойи якунланаётган бўлса-да, кўчма контейнерлар ҳамон иш бошлагани йўқ.

Достон Аҳроров
Тайёрлаган Достон Аҳроров

Мавзуга оид