Президент Шавкат Мирзиёев 15 октябрь куни Озарбойжон пойтахти Боку шаҳрида Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг (ОҲИЧК) еттинчи саммитида иштирок этди.
ОҲИЧК 1992 йилда ташкил этилган, ҳозирги кунда 28 та аъзо давлат, кузатувчи мақомидаги 9 та мамлакат ва 5 та халқаро ташкилотни бирлаштирган халқаро платформа ҳисобланади.
Кун тартибига мувофиқ, халқаро вазият ва ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди ҳамда бир қатор ташкилий масалалар кўриб чиқилди.
Шавкат Мирзиёев Боку саммитидаги нутқида дунёдаги чуқур геосиёсий ўзгаришлар янада яқин ҳамкорлик ва биргаликда қарорлар қабул қилишни талаб этаётгани ҳақида сўз юритди.
– Айниқса, Осиёнинг турли ҳудудларидаги қуролли низолар барчамизни чуқур хавотирга солмоқда. Уларнинг оқибатлари можаро ҳудудидан ташқарига чиқиб, сиз билан биз яшаётган минтақа хавфсизлигига жиддий путур етказмоқда, глобал иқтисодиётга зарар келтириб, миллионлаб инсонларнинг ҳаётига салбий таъсир кўрсатмоқда, – деди давлат раҳбари.
Президент ҳар қандай низо ва келишмовчиликлар фақат тинч йўл билан, сиёсий-дипломатик воситалар орқали, халқаро ҳуқуқ ва барча томонлар манфаатларини инобатга олган ҳолда ҳал этилиши зарурлигини таъкидлади.
Ўзаро уйғун ва олдиндан тахмин қилиш мумкин бўлган ҳаракатларга, олинган барча мажбуриятларни бажаришга асосланган муносабатларнинг барқарор тизимини яратишда ОҲИЧК алоҳида ўрин тутиши қайд этилди.
Шу муносабат билан Ўзбекистон етакчиси томонидан Осиёда ишонч инфратузилмасини шакллантириш концепциясини ишлаб чиқиш, унда давлатлар ўртасида ўзаро боғлиқлик ва ҳамкорликни кенгайтиришнинг асосий йўналишлари ҳамда аниқ чора-тадбирларини белгилаш таклиф қилинди.
– Транспорт ва энергетика бўйича қўшма лойиҳалар, савдо ва рақамли алоқаларни ривожлантириш, маданий-гуманитар алмашувлар катта аҳамиятга эга, – деди Шавкат Мирзиёев.
Президент сўзининг давомида ҳозирги шиддатли технологик тараққиёт ва иқлим ўзгаришлари ҳам янги вазифаларни кун тартибига қўяётганини таъкидлади.
– Сунъий интеллект кундалик ҳаётимизни тез ўзгартирмоқда. У чексиз имкониятлар яратиш билан бирга жиддий хавф-хатарларни ҳам келтириб чиқармоқда. Энди биз рақамли тараққиёт барчага бирдек фойда келтириши, технологик ривожланишдаги фарқ қисқариши учун бор имкониятларни сафарбар этишимиз зарур, — деди давлат раҳбари.















