Тошкентда Izmir House, Neom Tower каби лойиҳаларни амалга ошираётган қурувчи компания масъулларига нисбатан фирибгарлик аломатлари билан иккита жиноят иши қўзғатилган. Улардан бирида жабрланувчилар сони камида 430 киши, ҳисобланган зарар ҳозирча 173 млрд сўм. Компаниянинг расмий таъсисчиси қамоқда, унинг “орқасида турган асосий одам” эса терговдан яшириняпти, шундай бўлса-да қидирувга берилмаган. Пойтахт прокурорининг изоҳлашича, агар у ҳам қамаб қўйилса, зарарни ундириш масаласи умидсиз бўлиб қолади.

Тошкентда “Izmir Art Stroy” МЧЖнинг турар жой лойиҳаларидан хонадон олиш учун пул тўлаган кўплаб одамлар муаммога кириб қолди. Қурилиш белгиланган муддатларда тугамаган. Натижада шикоятлар сабаб компания фаолияти юзасидан жиноят иши қўзғатилган.

Корхона таъсисчисига нисбатан мазкур жиноят иши доирасида “гаров” эҳтиёт чораси қўлланган, бошқа бир жиноят иши доирасида эса у қамоққа олинган.

Гап Яшнобод туманидаги учта лойиҳа ҳақида кетмоқда:

  • Izmir House – Жарқўрғон кўчаси 20-уй;
  • Neom Tower – Оҳангарон шохкўчаси;
  • Kelajak uylari – Оҳангарон шохкўчаси.

Kun.uz танишган тергов маълумотномасига кўра, Izmir House'да 1152 та, Neom Tower ва Kelajak uylari'да жами 1536 та хонадон қурилиши режалаштирилган бўлиб, улардан 90 фоизи сотилган.

2026 йил 25 июн куни ҳолат юзасидан фирибгарлик моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозиргача 430 киши жабрланувчи деб эътироф этилган.

Куни кеча Тошкент шаҳри прокурори вазифасини бажарувчи Анвар Ўрмонов шартнома тузган фуқаролар билан учрашди.

Унда ички ишлар терговчилари берган маълумотга кўра, иш бўйича ҳозирги ҳисоб-китобларга кўра моддий зарар миқдори 173 миллиард сўмни ташкил этади. Бу рақам терговнинг ҳозирги босқичидаги маълумот бўлиб, тергов ва жабрланувчиларни аниқлаш жараёни давом этмоқда.

Учрашувда масъул ички ишлар ходими ҳолат бўйича қуйидагича қисқа тушунтириш берди:

“2025 йилдан мурожаат қилишни бошлашган. Уларнинг шартномаларида 2026 йил охиригача муддат кўрсатилгани сабабли бу муаммо бўлиб келган. 2026 йил июн ойида жиноят иши қўзғатилди, бу вақтда ҳисобрақамида умуман пуллари бўлмаган. Қурилиш тўхтатилган, қурилиш учун маблағи йўқ.

Ундан ташқари, фуқаролар мурожаат қилишни бошлаганидан кейин, ўзига таниш қурилиш фирмаларини шахсий илтимос билан чақириб, қурилиш кетаётгандек қилиб кўрсатиб, кўзбўямачилик қилинган”.

Бошқа жиноят иши ҳам бор

Пойтахт прокурори Анвар Ўрмоновнинг айтишича, ҳужжатларда Izmir Art Stroy таъсисчиси сифатида Гулнора Давроновна Ҳакимова кўрсатилган бўлса-да, компаниянинг орқасида Акмал исмли шахс туради – у бошқа бир жиноят иши доирасида терговдан яшириняпти, лекин ҳали қидирувга берилмаган.

“Izmir Art Stroy'нинг бошқа фирмаси ҳам бўлган, ана шу бошқа фирмаси Янгиҳаёт туманида бир фуқаронинг ерида у билан шерикчиликда “дом” қурмоқчи бўлишган. “Дом” қуришмаган, котлован қазишни бошлаб, сотув офиси қилиб қўйишган. Сотув офиси орқали фуқаролардан жами 7 миллиарддан ошиқ пул йиғилган. Менимча, у пуллар сизларнинг “дом”ингларга сарфланган бўлса керак, лекин аниқ билмайман қаерга кетганини. У ерда қурилиш бўлмаган, натижада фуқаролар: “Биз шунга пул тўлаяпмиз, лекин қурилиш бошланмаяпти, сотув офисини ҳам ёпиб қўйди, уларни тополмаяпмиз”, деб бизга мурожаат қилишди. Бу ҳолат бўйича алоҳида иш қўзғатдик. Тергов Тошкент шаҳар прокуратурасида ўтказиляпти.

Ўша иш бўйича Izmir Art Stroy'нинг расмий раҳбарини ва ўша ишга аралашган бошқа фуқароларни қамоққа олганмиз. Ҳозиргача аниқланган 7 млрд сўм зарарнинг 5 млрд сўмини улар бизга депозитга тўлаб берди. Бу – бошқа [Янгиҳаётдаги] иш бўйича. Лекин бунинг орқасида турган асосий одам, сизлар билсанглар керак, Акмал исмли шахс экан.

Акмал исмли шахс ҳозир терговдан яшириняпти. Биз уни қидирувга бермадик, санкция олмадик, сабаби ҳозир у ҳам қамалиб қолса, зарарни қоплаш ҳам тўхтайди, сизларнинг “дом”инглар ҳам тўхтаб қолади. [Зарарни ундириш масаласи] умидсиз бўлиб қолади-да. Уларни қамагандан кейин судга бериш керак бўлади, суд уларга ҳукм ўқийди. Уларнинг судланиб кетгани ҳеч кимга ечим бўлмайди, сизлар уйсиз қолишинглар эҳтимоли билан, биз уни энди нима қилишни ҳозирча ўйлаб турибмиз”, – деди Ўрмонов.

Қурилишга рухсат беришда темирйўл инобатга олинмаган

Шаҳар прокурорининг айтишича, Izmir House масаласининг бошқа жиҳати ҳам бор: темирйўл инобатга олинмагани сабабли қурилишга берилган рухсатнома бекор бўлиб кетган.

“Менга тушунтиришдики, Жарқўрғон кўчасида қурилган “дом” қурилишига рухсат бериш вақтида Қурилиш вазирлиги томонидан темирйўл ҳисобга олинмасдан қурилишга рухсат берилган. Кейинчалик темирйўл компанияси даъво ариза билан мурожаат қилиб: “Бу ерда бизнинг темирйўл “ветка”миз бор, қурилишга рухсат беришда бу ҳисобга олинмабди” деган. [Шундан кейин] Қурилиш вазирлигининг қурилишга берган рухсатномаси бекор қилинган.

Бу нима дегани? Эртага бу уй битганда, шаҳарсозлик кенгашининг рухсатисиз қурилган деб ҳисобланади ва фойдаланишга қабул қилинмайди, натижада сизларга кадастр бериш имконияти йўқ бўлиб қолади.

Ҳозир биз Жарқўрғон кўчасидаги бу қурилиш бўйича суд чиқарган қарор қанчалик қонунийлигини ўрганиб, суд қарорига протест келтириш масаласини кўрамиз. “Шаҳарсозлик рухсатномасининг бекор қилиниши нотўғри бўлган, бу ерда шунча фуқаронинг манфаати ётибди, мана бунақа жойлари бор эди, суд инобатга олмабди” деган мазмунда биз протест киритамиз. Суд жараёни бўлади, биз судда қурилишга берилган рухсатномани тиклаш учун курашамиз”, – деди Анвар Ўрмонов.

Ҳозирда Izmir Art Stroy'нинг тўловга қобилиятлилиги иқтисодий судда кўриб чиқиляпти. Тошкент туманлараро иқтисодий судининг 2026 йил 30 июлдаги ажрими билан компанияга нисбатан тўловга қобилиятсизлик (банкротлик) тўғрисида иш қўзғатилиб, кузатув тартиб-тамойили жорий этилган. Бу – компания банкрот деб топилди дегани эмас, унинг кейинги молиявий ва ҳуқуқий тақдири иқтисодий суд жараёнида ҳал қилинади.

Айрим блоклар бошқа компанияга сотилган

Izmir Art Stroy'дан хонадон харид қилганлардан бирининг айтишича, у 2023 йил 24 октябрда шартнома тузган. Ўтган вақт давомида қурилиш бир неча марта кейинга сурилган, кейинчалик у сотиб олган хонадон жойлашган А ва Б блоклари бошқа компанияга ўтказилган.

“Қурилиш 2025 йилнинг биринчи чорагида тамомланади дейилган эди. Келиб қарасам, қурилиш тўхтаб қолибди”, – дейди у.

Фуқаронинг айтишича, кейинчалик А ва Б блокларини бошқа компания сотиб олган. Аммо у янги компанияга мурожаат қилганида Izmir Art Stroy'дан олгансиз, деган жавобни олган. Izmir Art Stroy'га мурожаат қилганида эса блоклар бошқа компанияга сотилганини айтишган.

“Ҳозир сарсон бўляпмиз. Ҳали бу уйларни ола оламизми, йўқми? Иккита компаниянинг ўртасида қолиб кетди бу уйлар”, – дейди фуқаро.

У хонадон учун 438 миллион сўм тўлагани ва тўловни тўлиқ амалга оширганини айтади.

Лойиҳа ҳам ўзгарган

Яна бир фуқаро эса иккита хонадон олганини, кейинчалик қурилаётган уйларнинг лойиҳаси ўзгарганини айтади. Унинг сўзларига кўра, 2025 йил май ойида қурилиш объектига келганида аввалги лойиҳа ўрнига бошқа режа бўйича қурилиш кетаётганини кўрган. У янги вариантдаги хонадонни олишни истамаган ва шартномани бекор қилиш бўйича мурожаат қилган.

“2025 йил майидан бери сарсонмиз, пулимизни оломаяпмиз”, – дейди у.

Тергов шаҳар ИИББга ўтказилади

Фуқаролар билан учрашувда Тошкент шаҳар прокурори вазифасини бажарувчи Анвар Ўрмонов терговчиларнинг ҳисоботларини тинглади, фуқаролар эса ўзларини қизиқтираётган саволларни берди.

Жиноят иши Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси терговига ўтказилиши, қўшимча фуқаролар сўроқ қилиниши ҳамда компаниянинг мол-мулкини аниқлаш бўйича ишлар давом эттирилиши маълум қилинди.

“Бугундан ишни шаҳарга оламиз. Шаҳар ички ишлар бош бошқармаси терговига ўтказилади. Тез кунда ўша 500 дан ошиқ одамнинг сўроғини қиламиз”, – деди Ўрмонов.

Прокурор, шунингдек, аниқланган мол-мулк ва бошқа активлар билан боғлиқ чоралар кўрилиши ҳамда фуқароларнинг уйларини битказиш имкониятлари кўриб чиқилишини айтди.

“Мен ҳаракат қиламан сизларга ёрдам беришга. Мен сизлар тарафман”, – деди пойтахт прокурори.

Kun.uz вазиятни, тергов ва суд жараёнларини, шунингдек, фуқароларнинг ҳуқуқлари қандай таъминланишини кузатишда давом этади.