Эгизаклар Сяо Сяо ва Лэй Лэйни охирги бор кўриб қолиш учун одамлар уч ярим соатгача навбатда туришган. Бу пандалар 2021 йил Японияда, Токио ҳайвонот боғида туғилган, аммо Хитой мулки ҳисобланади – ХХР нафақат совға қилиб берилган пандалар, балки уларнинг авлодларига ҳам эгалик ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади.
1949 йилда Хитой Халқ Республикаси тузилганидан буён Хитой пандаларини эзгу ният белгиси сифатида бошқа мамлакатларга бериб келади (аммо ўз мулкини қайтариб беришни ҳам талаб қилиши мумкин). Бунинг эвазига қабул қилувчи давлатлар бир жуфт панда учун йилига 1 млн доллар атрофида тўлов қилиши керак бўлади.
Япония пойтахти расмийлари Хитой ҳукуматидан бу пандалар ўрнига бошқаларини юборишни сўраганига қарамай, Пекиндагилар бундай режа йўқлигини билдиришган.
Пандалар самолётда Хитойга олиб борилади, у ерда дастлаб карантинда сақланади, кейин эса Сичуан провинциясидаги ушбу ҳайвонлар популяциясини ўрганиш ва сақлаш марказида оиланинг яна бир вакили Сян Сян билан учрашишади.
Энди Япония пандаларсиз қоладими?
Японияга илк пандалар 1972 йилда, икки мамлакат муносабатлари нормаллашганида совға қилинган. Энди Япония сўнгги ярим асрдан ортиқ вақт давомида илк бор пандаларсиз қолмоқда. Ҳозир эса мамлакатлар ўртасидаги муносабатлар мураккаблашди, айниқса Япония бош вазири Санаэ Такаичи агар Хитой Тайванга ҳужум қиладиган бўлса, Япония қуролли кучлари вазиятга аралашишига тўғри келишини айтганидан кейин.
Пекин мустақил бошқарувга эга ушбу оролни ўз ҳудудининг бир қисми сифатида кўради ва вақти келиб оролни куч ишлатган ҳолда ўз таркибига «қўшиб олиши»ни истисно этмайди.
Шу ой бошида Хитой Японияга нодир металлар билан боғлиқ маҳсулотлар экспортига чекловларни кучайтирди, денгиз маҳсулотлари импортини эса тўхтатди.
Пекин ўз фуқароларини Японияга сафар қилиш тўғри қарор бўлмаслиги ҳақида огоҳлантирган. Япония туризм вазири Ясуси Канеконинг сўзларига кўра, ўтган ойда Японияга келган хитойлик сайёҳлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан деярли икки бараварга – тахминан 330 минг кишигача камайган.
«Уларни эслаб қолиш учун келдик»











