АҚШ воситачилигида ўтаётган музокараларда асосий масала Донбасс бўлиб қолмоқда. Томонлар жараён ижобий кечаётганини билдирса-да, тафсилотлар сир сақланяпти. Таҳлилчилар фикрича, Россия дастлабки талабларидан босқичма-босқич чекиняпти. Kun.uz'нинг “Геосиёсат” дастурида сиёсатшунослар Абу-Дабидаги музокаралар хусусида сўз юритди.
— Украина бермаслигини айтаётган, Россия талаб қилаётган Донбасс масаласи БААдаги музокаралардан қандай ўрин олган?
Камолиддин Раббимов: Музокаралар мутлақо ёпиқ ҳолатда ўтказиляпти ва тафсилотлари ҳозирча очиқланмаяпти. Ҳатто Украина томони ҳам жараён жуда ижобий кечаётгани ва маълум муваффақиятларга эришилганини таъкидлаяпти, бироқ бу муваффақиятлар нимадан иборат экани аниқ изоҳланмаяпти. Бу ҳолат музокараларнинг ёпиқ форматда олиб борилаётганидан далолат беради.
Иккинчи муҳим жиҳат шундаки, анча вақтдан бери илк бор АҚШ воситачилигида, шунингдек, Бирлашган Араб Амирликлари иштирокида шундай форматдаги музокаралар қайта тикланди. Ўз-ўзидан бу жараён муайян даражада прогресс сифатида баҳоланиши мумкин.
Энди Украина томонининг асосий хавотирларига тўхталсак. Масалан, Донбасс масаласи бўйича келишувга эришилган тақдирда ҳам, Россия Конституциясига киритиб қўйилган бошқа ҳудудлар масаласи очиқ қолмоқда. Уларнинг мақомини ўзгартириш учун Россия Конституциясига тузатиш киритиладими, деган савол мавжуд. Агар Конституция ўзгартирилмаса, бундай келишув амалда имконсиз бўлади, чунки Путин бундай қадамга бориши эҳтимолдан йироқ. Шу сабабли Украинада Россия, аниқроғи Путин маълум вақтдан сўнг ушбу ҳудудларни қайта қўшиб олиш учун яна уруш бошлаши мумкин, деган хавотир кучли.
Шу фонда АҚШнинг позицияси ҳам баҳсли. Қўшма Штатлар асосан Украинага босим ўтказаётгандек таассурот уйғотади, Россияга нисбатан эса бундай босим деярли сезилмайди. Масалан, бир ҳафта аввал Доналд Трамп музокаралардаги асосий тўсиқ Россия эмас, балки Украина эканини айтганди. Шунга қарамай, Украина томони бугунги музокаралар ижобий кечаётгани ва муайян натижалар борлигини яна бир бор таъкидламоқда.
Абу-Дабидаги музокараларда Россиянинг иштироки нисбатан паст даражада. Украина томонидан музокараларда Умеров, Хавфсизлик кенгаши ва президент офиси вакиллари қатнашмоқда. Россия томони эса мақоми пастроқ шахслар билан чекланмоқда. Улар орасида ФСБ ёки ташқи разведка вакиллари борлиги айтилмоқда. Бироқ уларнинг сиёсий вазни Украина делегациясидаги шахслар даражасига тенг эмас, яъни Россия вакиллиги ҳозирча анча паст мавқедаги амалдорлардан иборат.









