Истанбулда 37 ёшли ўзбекистонлик Дурдона Ҳакимованинг ваҳшийларча ўлдирилиши Туркия жамоатчилигида норозилик намойишларига, ўзбек сегментида эса қурбонни айблашга сабаб бўлди. Марҳума билан кўп йиллар ҳамкорлик қилган Мурат Баскан эса бу гапларни ёлғон деб, тарқалаётган «ишқий муносабат» ҳақидаги иддаоларни кескин рад этди.

Истанбулда 37 ёшли ўзбекистонлик Дурдона Ҳакимованинг жасади Шишли туманидаги чиқинди қутисидан топилди. Тергов маълумотларига кўра, асосий гумонланувчи Д.Т. марҳум билан яқин муносабатда бўлиб, улар ўртасида жанжал келиб чиққан ва Д.Т. уни тўрт марта пичоқ билан жароҳатлаган. Жасаддан қутулиш учун у танишидан ёрдам олган ва жасадни бўлакларга ажратиб, чиқинди қутиларига ташлаган. Терговда иштирок этаётган учинчи шахс — такси ҳайдовчиси ҳам гумонланувчилар ҳаракатларини билган ёки билмаганлиги аниқланмоқда.

Марҳумнинг ўлдирилиши Истанбул ва Анқарада норозилик намойишларига сабаб бўлди. Турк аёллари бир ўзбек аёлининг ҳаёти учун «Мигрант аёллар ёлғиз эмас», «Аёллар ҳаёти муҳим» деган шиорлар билан адолат ва қатъий жазо талаб қилиб кўчага чиқишди. Ҳуқуқ ҳимоячилари бу фожиани мигрант аёлларни ҳимоя қилишдаги тизимли бўшлиқлар билан изоҳлашди.

Аммо шу пайтда, ўзбек ижтимоий тармоқ сегментида мутлақо бошқа манзара кузатилди: жиноятчи эмас, қурбон муҳокама қилинди. Айримлар аёлнинг ўлимида унинг ўзини айблаб, зўравонликни оқлашга уринишди. Бу эса жамиятда ҳали ҳам жабрланувчини айблашга мойил онг устувор эканини яққол кўрсатди.

Туркияда Дурдона Ҳакимова билан 7 йилдан буён ҳамкорликда ишлаб келган Мурат Баскан исмли шахс ўз ижтимоий саҳифасида бу гаплар мутлақо ёлғон эканлигини айтди:

“Дурдонанинг ваҳшийларча ўлдирилиши ва одамларнинг унга нисбатан билиб-билмасдан айтаётган фикрлари сабаб мен дўстим, яқиним бўлган аёл ҳақида гапиришга мажбур бўлдим. У билан 7 йилдан бери дўст эдик. Дурдонанинг Эменўни Маржанда овчилик ва спорт анжомлари  сотадиган фирмаси бор эди. 17-18 ёшли икки қизлари бор, Истанбулда лицейда ўқишади. Жуда мулойим, тарбияли инсон эди. У бундай ўлимга муносиб эмасди. Хабарни эшитишим билан унинг турмуш ўртоғига қўнғироқ қилдим, жавоб бермади. Кейин билдимки бу хабар рост.

Дурдонанинг қотиллари бўлган 2 нафар ўзбекистонликни унинг севгилиси дейишяпти, аммо ундай эмас. Биз Дурдона билан тижорат юзасидан Москва, Ўзбекистон, Қирғизистон, Қозоғистон каби давлатларда бўлдик. Шу жараёнларда Дурдонанинг ватандошлари билан танишдик, яъни қотиллар билан. Улар виза қоидаларини бузгани учун оиласи билан депорт бўлган экан. Қайтганимиздан кейин у менга ўша ватандошлари иш топиб беришни сўраётганини айтди ва улар Туркияга келишди. Дурдона уларга ижарага уй, қассоб танишлари билан гаплашиб иш топиб берди. Бу шарафсизлар уни ўлдиргандан кейин “биз севишардик, менга хиёнат қилгани учун ўлдирдим” деб қотилликдан ҳам баттар тубан иш қилишди. Асло у инсон севгилиси эмасди. Қотилнинг онаси орқали таниш эди улар, онаси ундан иш топиб беришни илтимос қилганди.