Эронда декабр охирида бошланган намойишлар январ ойи ўрталарига келиб батамом тўхтаган. Ўша намойишлар чўққисига чиққан вақтда Трамп уларни қўллаган бўлса-да, АҚШдан реал ҳаракат кўзга ташланмаган эди. Лекин энди вазият ўзгараётгандек. Америка камида 10 та ҳарбий кемадан иборат армадасини Ислом Республикаси яқинига келтириб қўйди. Трамп муттасил таҳдидлар қилмоқда.
Форс кўрфазига, Эрон чегараларига Американинг авиаташувчи кемалар гуруҳи келиб жойлашган. Уларнинг энг каттаси – Абраҳам Линколн номидаги авиаташувчи улкан кема. Унинг гарданида 90 дан ортиқ қирувчи ҳарбий самолётлар ва вертолётлар бор.
Қолаверса, Линколн атрофида яна учта эсминец мавжуд бўлиб, улар ҳам энг замонавий ракеталар билан қуролланган. Ушбу авиаташувчи кемалар гуруҳидаги жами аскарлар сони 40 мингдан ошиши айтилмоқда. Бу – тўлақонли ҳарбий операцияни амалга ошириш учун етарли катта куч.
Трамп бу кучларни Эрон яқинига олиб келиб, узоқ муддат бу ерда қолдира олмайди. Ёки ҳужум бошлаши керак, ёки маълум вақтда уларни ортга қайтариши керак бўлади. Чунки бундай катта контингентни бу ерда ушлаб туриш кунига бир неча миллионлаб доллар туради.
Доналд Трампнинг Америкаси мафкура ҳақида гапирмайди. У ўзининг интервенцияларини инсон ҳуқуқлари ва демократияга боғламайди. Қуруқ ва агрессив прагматизм даври аллақачон ҳукмрон. Трамп – очиқчасига нефт ва геосиёсий проектлар ҳақида гапирадиган сиёсатчи. Венесуэлага ҳужумдан мақсад – нефт экани бугун ҳаммага маълум. Лекин кўпчилик экспертлар “Американинг нефти ўзига етади” дерди. Унда АҚШнинг Эронга босимидаги мотивлар нималардан иборат?
Биринчи мотив – яна барибир нефт. Тўғри, 2010-йилларда АҚШ ўзининг ҳудудидаги сланс нефтини қайта ишлаш технологиясини ривожлантирди. Натижада АҚШ маълум муддат биринчи учталикка кирувчи нефт қазиб олувчи ва қайта ишловчи давлатга ҳам айланиб улгурди. Бироқ халқаро институтларнинг баҳосига кўра, АҚШнинг сланс нефти ҳажми у қадар катта эмас. Гарчи АҚШнинг нефт заҳираси 80 млрд баррел дейилса-да, аслида реал резерв 20-25 млрд баррелдан ошмаслиги ҳам тахмин қилинади. Бу захира йилига 2-4 фоиз қисқариб бормоқда.
Қолаверса, дунё бозоридаги нефтнинг нархи 60 доллардан арзон бўлса, АҚШда сланс нефтини қазиб олиш даромад келтирмайди, зарар келтиради. Чунки бу нефтни қазиб олувчи ва қайта ишловчи компаниялар зарарига ишлаган бўлади. Агар нефт нархи 61 доллардан қимматроқ бўлса, бу АҚШ иқтисодиётининг ўсишига салбий таъсир қилади. АҚШ иқтисодиёти жадал ўсиб бориши учун нефт нархи арзонроқ бўлиши керак.









