АҚШ президенти Доналд Трамп Куба томонидан келаётган таҳдид билан боғлиқ ҳолда фавқулодда ҳолат эълон қилди ва Ҳаванага нефт сотадиган ёки бошқа тарзда етказиб берадиган мамлакатлардан келадиган товарларга тарифлар (божлар) жорий этиш тартибини белгилади. Бу ҳақда Оқ уй 29 январ, пайшанба куни хабар берди.

Оқ уй маълумотига кўра, фармон “АҚШнинг миллий хавфсизлиги ва ташқи сиёсати Куба режими томонидан олиб борилаётган ёвуз ниятли ҳаракатлар ва сиёсатдан ҳимоя мақсадида” имзоланган.

Ҳужжат Қўшма Штатларга Кубага тўғридан тўғри ёки билвосита нефт етказиб беришни амалга ошираётган ҳар қандай мамлакатдан импорт қилинадиган маҳсулотларга қўшимча божлар жорий этиш имконини беради.

Оқ уйда таъкидланишича, Вашингтоннинг бу чоралари Куба режими “дўст бўлмаган кучлар, терроризм”ни қўллаб-қувватлагани ва “минтақавий беқарорлик”ни юзага келтиргани учун уни жавобгарликка тортишга қаратилган. Бу беқарорлик эса “АҚШ хавфсизлиги ва ташқи сиёсати”ни хавф остига қўяди.

Вашингтонда, шунингдек, Куба ҳудудида Россиянинг радиоразведка маълумотларини йиғиш бўйича энг йирик хорижий объекти жойлашгани айтилди. Хабарда давом этилишича, Ҳавана трансмиллий террористик гуруҳларга бошпана ҳам беради, режим эса сиёсий мухолифларни таъқиб қилади ва уларни қийноққа солади.

Reuters агентлиги олдинроқ қайд этганидек, сўнгги ҳафталарда Вашингтоннинг Кубага нисбатан риторикаси сезиларли даражада қаттиқлашган. Журналистлар шундай хулоса қилган: “Трампнинг Кубага босими — минтақадаги давлатларни Қўшма Штатлар позициясига мос ҳаракат қилишга мажбурлаш истаги йўлидаги навбатдаги кескинлашув босқичидир. Бу Трамп маъмуриятининг ғарбий яримшарда устунликка эришиш бўйича жиддий амбицияларини кўрсатади”.

Доналд Трамп 11 январ куни ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғида Куба “кўп йиллар давомида Венесуэладан катта ҳажмда нефт ва пул ҳисобидан яшаб келгани”ни ёзди. Унинг айтишича, Куба бунинг эвазига 1999–2013 йилларда Жанубий Америкадаги мазкур мамлакат президенти бўлган Уго Чавесга ва Венесуэла раҳбари Николас Мадурога “хавфсизлик хизматлари” кўрсатган. Матнда айтилишича, Мадуро 3 январ куни АҚШ армияси махсус бўлинмалари томонидан қўлга олинган.

Бироқ Трамп энди вазият ўзгаришини билдириб ўтди: “Энди Кубага на нефт, на пул келади — нол”. Оқ уй раҳбари яна қўшимча қилди: “Мен уларга (Куба ҳокимиятига — таҳр.) кеч бўлмасидан олдин (АҚШ билан — таҳр.) келишув тузишни қатъий тавсия қиламан”, дея таҳдид қилди. АҚШ президенти айнан қандай келишувни назарда тутаётганини аниқ айтмади ва Ҳавана учун оқибатлар моҳиятини ҳам очиқламади.