Ml Share номи остидаги молиявий пирамида аввалроқ кўплаб ўзбекистонликларни чув тушириб кетган PGM каби “тухум тарқатиш” орқали аъзо кўпайтиришга интилмоқда. Ушбу платформанинг реклама баннерлари ҳатто ўқув ва тарбия муассасаларигача кириб боряпти. Президент Шавкат Мирзиёевнинг танқидига қарамай киберхавфсизлик ходимлари ҳозирча “ариза йўқ, муаммо ҳам йўқ” позициясида турибди.

Бири ёпилса бошқаси...

2025 йил май ойида Ўзбекистонда “китоб ўқиш орқали пул топиш” баҳонасида кўплаб инсонларни чув туширган OMD молиявий пирамидаси ёпилгач, кўп ўтмай PGM молиявий пирамида тарғиботига киришилди. Яқинда ушбу платформа ҳам “ҳосилини” йиғиштириб олди ва фаолиятини тўхтатди. Оқибатда минглаб одамлар унга меҳнат депозити сифатида киритган пулидан айрилиб қолди. Ҳатто жабрланувчилар орасида 146 млн сўмидан айрилганлар ҳам бор. Бундайларнинг аниқ сони маълум эмас. Kun.uz ўз суриштирувида PGM ва OMD молиявий пирамидалари ўртасидаги эҳтимолий боғлиқликни келтириб ўтганди.

ИИБ ходимлари тарғиб қилган XCM молиявий пирамидаси 2025 йил декабр ойи ўрталарида ёпилди. Бу сафар ҳам минглаб одам ушбу ёлғонга алданиб, пулидан айрилди. XCM ёпилган айни ўша кунларда эса унинг ўрнига Ml Share номи остидаги молиявий пирамида пайдо бўлди.

Осон даромад алдови

Ml Share молиявий пирамидасининг олдингиларидан ҳеч қандай фарқли томони йўқ: услуб ҳам, тарғибот шакли ҳам бир хил. Платформада пул тикиш ҳамда кунлик вазифани бажарган ҳолда даромад олиш таклиф қилинган. Кунлик вазифалар эса ўша-ўша, реклама кўриш ва лайк босиш.

Платформага пул тикиш J1ʼдан J9ʼгача бўлган босқичларга бўлинган. Масалан, энг қуйи J1 босқичида 285 600 сўм тикиб, кунлик 5 та вазифани бажарган ҳолда 9 520 сўм, йилига 3 427 200 сўм даромад кўриш таклиф этилган. Энг юқори J9 даражасида эса 680 млн сўм тикиб, кунига 600 та вазифани бажарган ҳолда 24 млн 480 минг сўм, йилига эса 8 млрд 812 млн сўм (!) даромад олиш мумкинлиги кўрсатилган. Одам қўшганларга эса алоҳида совға ва бонуслар ваъда қилинган.