Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Шавкат Мирзиёев Покистон Мудофаа кучлари бош қўмондони Асим Мунир билан учрашди
Ўзбекистон билан Покистон ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик ва стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантиришнинг асосий жиҳатлари муҳокама қилинди.
Фото: Президент матбуот хизмати
Президент Шавкат Мирзиёев 5 феврал куни Покистон пойтахти Исломобод шаҳрида «Глобал саноат ва мудофаа ечимлари» компаниясининг бош қароргоҳига ташриф буюриб, Мудофаа кучлари бош қўмондони – Қуролли Кучларнинг қуруқликдаги қўшинлари қўмондони, фельдмаршал Асим Мунир билан учрашди.

Ўзбекистон билан Покистон ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик ва стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантиришнинг асосий жиҳатлари муҳокама қилинди.
Ҳарбий ва ҳарбий-техника соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек, бугунги кунда хавфсизликка таҳдидларга қарши курашиш бўйича саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Икки мамлакатнинг етакчи мудофаа саноати корхоналари ўртасидаги кооперация алоқаларини фаоллаштириш, ҳарбий мутахассисларни тайёрлаш дастурларини кенгайтириш, тажриба алмашиш ва қўшма ўқув тадбирларини ўтказиш муҳимлиги таъкидланди.
Транспорт ва логистика соҳасида истиқболли инфратузилмавий лойиҳаларни амалга оширишни жадаллаштириш масалалари ҳам кун тартибида бўлди.

Ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкорликни ривожлантириш бўйича алоҳида «йўл харитаси»ни тайёрлаш юзасидан келишувга эришилди.
Ўзбекистон президенти учрашув якунида «Глобал саноат ва мудофаа ечимлари» компаниясининг ишланмалари, жумладан, Покистоннинг замонавий ҳарбий техникаси ва қурол-яроғ намуналари билан танишди.