Президент Шавкат Мирзиёев ва Покистон бош вазири Шаҳбоз Шариф 5 феврал куни Исломобод шаҳрида бўлиб ўтган Стратегик ҳамкорлик кенгашининг биринчи йиғилиши якунлари бўйича оммавий ахборот воситалари вакиллари учун баёнот берди.
Ўзбекистон етакчиси сўзининг аввалида Покистонга давлат ташрифи билан келиш таклифи ва ўтказилган самарали музокаралар учун ушбу мамлакат ҳукумати раҳбарига миннатдорлик билдирди. Жадал ривожланаётган Покистон Ўзбекистоннинг ишончли стратегик шериги эканлиги алоҳида таъкидланди. Покистон бош вазири раҳбарлигида халқ фаровонлигини ошириш, иқтисодий ўсишни жадаллаштириш ва мамлакатнинг халқаро мавқеини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар Ўзбекистонни хурсанд қилаётгани айтилди.
Шунингдек, ушбу ташриф Ўзбекистон – Покистон стратегик шериклик муносабатлари ўрнатилганининг беш йиллигида ўтказилаётгани мамнуният билан қайд этилди.
Сўнгги беш йилда ўзаро савдо 2,5 бараварга, қўшма корхоналар ва лойиҳалар сони эса қарийб 3 бараварга ошди. Яқин келажакда савдо айланмасини 2 миллиард долларга етказиш мақсад қилиб қўйилди. 3,5 миллиард долларлик истиқболли савдо ва инвестиция битимларининг портфели шакллантирилди.

Музокаралар якунида Қўшма декларация ва ҳамкорликнинг устувор йўналишлари бўйича 30 га яқин муҳим ҳужжат имзоланди.
Минтақавий ҳамкорликни изчил ривожлантириш орқали Марказий ва Жанубий Осиёнинг ўзаро боғлиқлигини биргаликда мустаҳкамлашга интилиш қатъий экани билдирилди. Халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасида ўзаро қўллаб-қувватлашни давом эттиришга тайёрлик қайд этилди.
Ўзбекистон президенти Покистоннинг мамлакатимизнинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишини фаол қўллаб-қувватлагани учун миннатдорлик билдирди. Покистоннинг 2025-2026 йилларда БМТ Хавфсизлик Кенгашининг муваққат аъзоси сифатида тинчлик ва халқаро барқарорликни таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатларига юқори баҳо берилди.
Фармацевтика, тўқимачилик, электротехника, тоғ-кон ва озиқ-овқат саноати, қишлоқ хўжалиги соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш бўйича келишувга эришилди. Транспорт ва логистика алоқаларини ривожлантириш ҳамда бизнес учун қулай шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилди.
















