Жаҳон | 10:06
2001
3 дақиқада ўқилади

Эпштейн иши: Стармер маъмурияти раҳбари истеъфога чиқди

Британия бош вазири Кир Стармернинг маъмурият раҳбари Морган Максвини Буюк Британиянинг АҚШдаги элчиси этиб Жеффри Эпштейн билан боғлиқ бўлган Питер Манделсонни тайинлашни тавсия қилгани учун масъулиятни ўз зиммасига олиб, истеъфога чиқди.

Морган Максвини ва Кир Стармер Фото: Thomas Krych/Shutterstock

Буюк Британия бош вазири Кир Стармер маъмурияти раҳбари Морган Максвини Питер Манделсон атрофидаги можаро фонида истеъфога чиқди. Бу ҳақда The Guardian газетаси ва Sky News телеканали якшанба куни, 8 февралда ўз сайтларида хабар берди.

Sky News эслатишича, лорд Манделсон сентябр ойида элчи лавозимидан озод этилган, аммо у АҚШ Адлия вазирлиги томонидан америкалик молиячи Жеффри Эпштейн иши бўйича янги ҳужжатлар эълон қилинганидан сўнг яна жамоатчилик эътибор марказига тушди. Эпштейн вояга етмаганларни фоҳишаликка мажбурлашда айбдор деб топилган эди. Питер Манделсон Британия ҳукуматида ишлаган пайтида Эпштейн билан махфий маълумотларни бўлишган.

Кир Стармернинг энг яқин сафдошларидан бири саналадиган Морган Максвини истеъфоси шундай изоҳланди: айнан у Британия бош вазирига Манделсонни АҚШда элчи этиб тайинлашни тавсия қилган, энди эса бу учун жавобгарликни ўз зиммасига олмоқчи.

“Питер Манделсонни тайинлаш ҳақидаги қарор хато бўлган. У бизнинг (Лейбористлар — таҳр.) партиямизга, мамлакатимизга ва сиёсатга бўлган ишончнинг ўзига зарар етказди”, — дея таъкидлади Максвини ўз баёнотида.

Морган Максвини Кир Стармер Лейбористлар партияси раиси лавозими учун курашган даврда унинг сайлов кампаниясига раҳбарлик қилган. Маъмурияти раҳбарининг истеъфоси ҳақидаги баёнотида Кир Стармер Максвини билан ишлаш унинг учун “шараф” бўлганини қайд этди. Бироқ Лейбористлар партияси ичида унга муносабат бир хил эмас. Sky News маълум қилишича, Британия парламентидаги кўплаб лейбористлар у “партиянинг сўл қанотини чеккага суриб қўяпти” деб ҳисоблаган.

Питер Манделсон — 2004 йил ноябридан 2008 йил октябригача савдо масалалари бўйича еврокомиссар, 2025 йил февралдан сентябргача эса Буюк Британиянинг АҚШдаги элчиси бўлган — бир неча кун олдин ҳокимиятдаги Лейбористлар партияси сафини тарк этган. The Guardian хабар берганидек, бунга “Эпштейн файллари” деб аталган эълон қилинган материалларда у гўёки америкалик молиячи Эпштейндан 75 минг доллар олгани ҳақидаги маълумотлар сабаб бўлган.

Жеффри Эпштейн 2008–2009 йилларда фоҳишаликни ташкил этгани учун жазо муддатини ўтаган. 2019 йил 6 июл куни у вояга етмаганларни фоҳишаликка мажбурлаш айби билан ҳибсга олинган, ўша йилнинг 10 август куни эса Манҳэттендаги қамоқхонада, судни кутиб турган пайтида, камерасида осилган ҳолда топилган. 2025 йил декабрда Эпштейн иши бўйича ҳужжатларнинг биринчи қисми оммага эълон қилинган.

Эълон қилинган материаллар аллақачон бир қатор машҳур шахслар билан боғлиқликни очиб берган, жумладан уларда Британия шаҳзодаси Эндрю ҳам бор — у шу сабабли қироллик унвонидан маҳрум бўлган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид