Туркия ташқи ишлар вазири Ҳоқон Фидан унинг мамлакати ядровий пойгага қўшилиши мумкинлигини истисно қилмади. Туркиядек улкан амбицияларга эга давлатнинг бу баёноти нимани англатади? Kun.uz'нинг “Геосиёсат” дастурида сиёсатшунослар бу мавзуда атрофлича фикр юритди.

Дастур меҳмонлари – сиёсий таҳлилчилар Ҳикматулла Казакбаев, Исломхон Гафаров ва Камолиддин Раббимов бўлишди.

Ҳикматилла Казакбаев: Туркиянинг ядро қуролига эга бўлиш масаласи биринчи навбатда Исроил томонидан қаршиликка учрайди. Минтақадаги исталган бошқа давлатнинг ядро қуролига интилиши ҳам шундай. Бу Эрон бўладими, бир пайтлар Ироқми... Ҳатто Мисрда ҳам 2000-йиллар бошида, Ҳусни Муборак даврида ядро қуроли масаласи муҳокама қилинган, лекин Исроил туфайли Миср бу ғоядан умуман воз кечган.

Туркияда ҳам ядровий қуролнинг пайдо бўлишига Исроил йўл қўймайди. Чунки бу Исроилга тўғридан тўғри таҳдид сифатида қаралади.

Умуман, Яқин Шарқда Туркия учта рақиб давлатнинг орасида қолиб кетган, булар – Греция, Кипр ва Исроил. Бу уч давлат ўртасида стратегик ҳамкорлик бор, улар Шарқий Ўрта ер денгизи саммитларини ўтказишади. Бу саммитлардан ўнинчиси 2025 йил декабрда ўтказилди. Мана шу учта давлат айнан Туркияга қарши. Грецияни биласиз, ороллар масаласида Туркия билан ҳудудий муаммолари бор. Кипрда Шимолий Кипр масаласи бор.

Туркияда АЭСлар ишга тушиши керак, биринчиси – Аккую. Россия билан ҳамкорликда, 2018 йилдан бери қуриляпти. 2024 йилда ишга тушиши керак эди, лекин санкциялар сабаб муддат кечикди. Адашмасам, охирги ускуналарни Siemens компанияси ўрнатиши керак эди, лекин санкциялар туфайли бу ишни қила олмади. Кейинчалик Россия Siemens'нинг ўрнига, Хитойдан керакли жиҳозларни сотиб олди ва АЭСнинг биринчи блокини ишга тушириш 2025 йилга кўчди. Лекин 2025 йилда ҳам бу нарса амалга ошмади. Ҳозир кутилаётгани – 2026 йил охиригача Аккую АЭС ишга тушиши керак. АЭСга эга бўлгандан кейин, ўз-ўзидан, ядровий қурол яратиш ғояси ҳам пайдо бўлади-да.

Яна битта масала бор: сентябрь ойида Туркиянинг саноат ва технология вазири Меҳмет Фотиҳ Каcир “биз ўзимизнинг миллий ядровий реакторларни яратиш лойиҳасини ишга туширдик”. Яъни 2025 йилда Туркия ўзининг миллий реакторларини яратиш лойиҳасини ишга тушириб бўлди.

Энди, агар Эронда ядро қуроли пайдо бўладиган бўлса... Исроилда ўзи шундоқ ҳам бор, адашмасам 90 та ядровий каллаклари бор дейишади (Исроил ҳеч қачон тан олмайди). Эроннинг ядро қуролига интилиши Исроил ва АҚШ билан ўртасида қанчалик катта тўқнашувни келтириб чиқарган бўлса, Туркиянинг ядро қуролига интилишига ҳам шунчалик катта тўсқинлик бўлади.