Россия мухолифати етакчиси ва Владимир Путиннинг асосий мухолифи Алексей Навалний икки йил олдин қамоқхонада вафот этганди. У 2022 йилда «Новичок» билан заҳарланганидан кейин Германияда даволаниб қайтганида қўлга олинганди. Россия расмийлари ўша заҳарланишга алоқадорлигини рад этган, шунингдек, Навалний қамоқхонада табиий сабабларга кўра вафот этганини маълум қилган.
Сўнгги хабарларга кўра, қамоқхонадаги ўлимдан кейин унинг оиласи хорижга олиб чиқишга муваффақ бўлган биоматериалларда эпибатидин моддаси топилган.
The Insider нашри ёзишича, биоматериалларни ўрганган бир неча лаборатория экспертлари бир-биридан мустақил равишда шундай хулосага келишган. Улар бир вақтнинг ўзида бешта мамлакатда – Буюк Британия, Швеция, Франция, Германия ва Нидерландияда ўрганилди.
Эпибатидин – Жанубий Америкадаги заҳарли қурбақалар (Epipedobates tricolor) терисидан ажралиб чиқувчи токсин бўлиб, у Россияда очиқ табиатда учрамайди.
У 1974 йилда кашф этилган нейротоксин, лекин тузилиши фақат 1992 йилга келиб тўлиқ ўрганилган. Модда оғриқ қолдирувчи таъсирга эга бўлгани туфайли (шу билан бирга, ўргатиб қўйиш хусусияти бўлмаган) олимлар узоқ вақт давомида эпибатидин асосида оғриқ қолдирувчи восита ишлаб чиқаришга ҳаракат қилишади, аммо модданинг хавфсиз дозасини аниқлашнинг имкони бўлмайди.
Сичқонларда ўтказилган тажрибага кўра, эпибатидин юқори қон босими, нафас олиш тизимидаги фалажлик, тутқаноқ ҳамда комани келтириб чиқаради ва охир-оқибат ўлимга олиб келади.
Сиёсатчининг беваси Юлия Навалная Европа давлатларига ҳақиқатни очиб бергани учун миннатдорчилик билдирди.
«Биринчи кунданоқ эрим заҳарланганига ишончим комил эди, аммо энди бунинг исботи бор: Путин Алексейни кимёвий қурол билан ўлдирган. Мен Европа давлатларидан икки йил давомида олиб борилган машаққатли меҳнат ва ҳақиқатни очиб берганлари учун миннатдорман. Владимир Путин – қотил. У барча жиноятлари учун жазосини олиши керак», – деб ёзди Юлия Навалная 14 феврал куни Х ижтимоий тармоғида экспертларнинг хулосаларига изоҳ бераркан.
Навалний томонидан асос солинган Коррупцияга қарши кураш фонди раҳбари Мария Певчих «заҳар ҳеч қандай тасодифий йўл билан Қутб доираси ортидаги қишлоқда жойлашган колониядаги ҳибсхона камерасига бориб қолиши мумкин эмаслиги»ни таъкидлади. «Заҳар у ерга Владимир Путиннинг буйруғи билан борган», – деди у.
Буюк Британия, Швеция, Франция, Германия ва Нидерландия Алексей Навалнийнинг эпибатидин билан заҳарлангани ҳақида қўшма баёнот эълон қилди – ва Москвани Кимёвий қурол тўғрисидаги конвенцияни бузишда айблади. «Навалний қамоқхонада вафот этди. Бу Россияда унга бу заҳарни юбориш учун восита, мотивлар ва имконият борлигини англатади», – дейилади баёнотда.
















