Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.
«Тинчлик кенгаши»нинг илк йиғилиши
АҚШ президенти Доналд Трамп бир нечта давлатлар Ғазо учун мўлжалланган «ёрдам пакети»га 7 миллиард доллардан ортиқ маблағ ажратганини маълум қилди. Трамп бу ҳақда ўзининг «Тинчлик кенгаши» илк йиғилишида эълон қилди.
Ғазодаги сулҳ режасининг иккинчи босқичи Ҳамасни қуролсизлантириш ва айнан Ғазони қайта тиклашни ўз ичига олади. Трамп йиғилиш иштирокчиларига Ҳамас «қуролсизланадиганга ўхшайди», деди.
«Шуни мамнуният билан эълон қиламанки, Қозоғистон, Озарбойжон, БАА, Марокаш, Баҳрайн, Қатар, Саудия Арабистони, Ўзбекистон ва Кувайт ёрдам пакети учун 7 миллиард доллардан ортиқ маблағ ажратди», деди у.
«Ҳар бир сарфланган доллар барқарорликка инвестиция», деди Трамп. Унга кўра, БМТ ҳуманитар ёрдам учун 2 миллиард доллар ажратади, ФИФА эса Ғазода футбол билан боғлиқ лойиҳалар учун 75 миллион доллар йиғади.
Айни пайтда Исроил раҳбарияти Трампнинг айрим ташаббусларига, хусусан, кенгашга Туркия ва Қатарни таклиф қилганига эҳтиёткорлик билан қарамоқда. Пайшанба куни Тинчлик кенгаши йиғилган пайтда Бинямин Нетаняҳу «Исроил иттифоқчиси АҚШ билан Ғазо демилитаризация қилинмагунча қайта тиклаш бўлмайди, деган келишувга эришганини» билдирди.
АҚШнинг кўплаб европалик иттифоқчилари эса Тинчлик кенгаши Ғазодан четга чиқиб, БМТ ўрнини эгаллашга қаратилган бўлиши мумкин, деган хавотир билан унга қўшилишдан бош тортган.
Икки йиллик геноцид кўринишидаги уруш оқибатида Ғазода 72 мингдан ортиқ инсон ҳалок бўлди, анклав иқтисодиёти вайрон бўлган, бинолар ва инфратузилманинг катта қисми йўқ қилинган. БМТ зарар қийматини 70 миллиард доллар деб баҳоламоқда.
Ғазога 5 давлат қўшин ажратади
Яна Ғазо ҳақида: Ғазо бўйича олий вакил унвони берилган Николай Младенов «Тинчлик кенгаши» йиғилишида Фаластин полиция кучини шакллантириш жараёни бошланганини ва унга «бир неча соат ичида 2 000 киши ариза топширганини» айтди.
Ғазодаги Фаластин полициясига Халқаро барқарорлаштириш кучлари ёрдам беради. Йиғилишда Ғазога мўлжалланган халқаро хавфсизлик кучларига эса беш давлат қўшин ажратишга рози бўлгани айтилди.















