Сувсизланиш – энг кўп учрайдиган омил

Тиббий кузатувларга кўра, рўза вақтида бош оғриғининг энг кенг тарқалган сабаби сувсизланишдир. Кун давомида суюқлик қабул қилинмаганда, қон ҳажми бироз камаяди, бу эса мия қон томирларига таъсир қилиб, оғриқ рецепторларини қўзғатиши мумкин.

Организм ҳатто енгил даражадаги сувсизланишга ҳам сезгир бўлади. Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, тана суюқлигининг атиги 1–2 фоизга камайиши ҳам бош оғриғи, чарчоқ ва диққат пасайишига олиб келади.

Шу сабабли, шифокорлар ифторлик ва саҳарлик оралиғида суюқликни бирданига эмас, босқичма-босқич, бўлиб-бўлиб ичишни тавсия қилади.

Кофеин абстиненция синдроми

Рўза бошланишидан олдин мунтазам қаҳва ёки чой ичиб юрган одамларда бош оғриғи кўпинча кофеин етишмовчилиги билан боғлиқ бўлади. Неврология бўйича кузатувларга кўра, кофеин қон томирларини торайтиради. Уни бирдан тўхтатганда томирлар кенгаяди, бу эса бош оғриғини келтириб чиқариши мумкин. Кофеин абстиненция (бекор қилиш) синдроми одатда 12–24 соат ичида бошланади ва бир неча кун давом этиши мумкин. Мазкур жараёндан келиб чиқиб, мутахассислар Рамазондан олдин кофеин миқдорини аста-секин камайтиришни тавсия қилади.

Қондаги глюкоза пасайиши

Овқатланиш режими кескин ўзгарганда қондаги глюкоза даражаси вақтинча тушиши мумкин. Мия энергия сифатида асосан глюкозадан фойдаланади, унинг кескин пасайиши бош оғриғи, бош айланиши ва ҳолсизликни чақириши эҳтимоли мавжуд.

Бу айниқса:

  • нонушта қилмасдан юришга ўрганмаганлар;
  • қандли диабетга мойиллиги борлар;
  • тез ҳазм бўладиган углеводларни кўп истеъмол қиладиганларда кўпроқ кузатилади.

Мутахассислар саҳарликда фақат ширин ёки оқ ундан тайёрланган маҳсулотлар эмас, секин ҳазм бўладиган углеводлар, оқсил ва толага бой маҳсулотлар истеъмолини тавсия қилади. Бу глюкоза даражасининг барқарор сақланишига ёрдам беради.

Уйқу режими бузилиши

Рамазон даврида уйқу тартиби ўзгаради: кеч ётиш, саҳарлик учун эрта туриш, кундузги уйқу етишмовчилиги. Неврологлар уйқу етишмовчилиги мигрен ва кучли бош оғриғи учун энг муҳим триггерлардан бири эканини қайд этади. Хусусан, уйқу бузилиши оғриқ сезгирлигини оширувчи нейромедиаторлар мувозанатига таъсир қилади. Оқибатда оддий оғриқ ҳам кучлироқ сезилиши мумкин.