Ўзбекистон | 09:44
1107
3 дақиқада ўқилади

Лорд Манделсон ҳибсдан сўнг гаров эвазига озод қилинди

Лондонда Петер Манделсон мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш гумони билан ҳибсга олинганидан сўнг, гаров эвазига озод қилинди, деб хабар берди Metropolitan Police.

Фото: Justin Tallis/AFP/Getty Images

Полиция маълумотига кўра, 72 ёшли эркак қўшимча тергов ишлари давом эттирилиши муносабати билан вақтинча қўйиб юборилган. BBC News унинг сешанбага ўтар кечаси соат 02:00 лар атрофида Лондондаги уйига қайтиб келганини хабар қилди.

Манделсон душанба куни Кэмден (шимолий Лондон)даги манзилда қўлга олинган ва сўроқ учун полиция бўлимига олиб кетилган. Ҳибсга олишдан олдин Кэмден ва Уилтширдаги икки манзилда қидирув ўтказилган.

Тергов бу ой бошида пайдо бўлган айбловларга боғлиқ. Манбаларга кўра, Манделсон ҳукумат вазири бўлиб ишлаган даврида бозор учун муҳим бўлиши мумкин бўлган ҳукумат маълумотларини марҳум, судланган педофил Жеффри Эпштейнга етказган бўлиши мумкин.

Айбловлар АҚШ Адлия вазирлиги ўтган ой эълон қилган ҳужжатлардан кейин юзага чиққан. Улар орасида 2009 йилги электрон хатлар бўлиб, унда ўша пайтдаги бош вазир Гордон Браун ҳукуматига оид айрим сиёсат чоралари тилга олинган. Шунингдек, 2010 йилда банкирлар бонусларига солиқ ва евро ҳудуди учун қутқарув пакети масалалари муҳокама қилингани айтилмоқда.

BBC маълум қилишича, Манделсон ўзини жиноят содир этмаган деб ҳисоблайди ва молиявий манфаат кўзламаганини билдирган.

Питер Манделсон Британия сиёсатчиси бўлиб, 1980-йиллардан бошлаб Лейбористлар партиясида фаолият юритган. У “Янги лейбористлар” ҳаракатида муҳим рол ўйнаган ва Тони Блэйрнинг 1997 йилги сайловдаги йирик ғалабасида иштирок этган.

У турли йилларда Британия ҳукуматидa вазирлик лавозимларида ишлаган, жумладан савдо ва бизнес масалалари учун масъул бўлган. 2025 йил февралда у Буюк Британиянинг АҚШдаги элчиси этиб тайинланган, аммо сентябр ойида лавозимидан озод этилган.

Британия ҳукумати Манделсоннинг тайинловига оид айрим ҳужжатларни март ойи бошида эълон қилишни режалаштирган. Бош вазир Кир Стармер Манделсон текширув жараёнида “ёлғон маълумот берган” бўлиши мумкинлигини айтган.

Консерваторлар раҳбари Кеми Баденох унинг ҳибсга олинишини ҳукумат учун жиддий сиёсий зарба деб баҳолади.

Айни пайтда полиция билан Crown Prosecution Service ўртасида маслаҳатлашувлар давом этмоқда. Тергов ишлари ҳали якунланмаган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид