Йиғилишда қайд қилинишича, электр энергияси бўйича жами генерация қувватлари 25,8 минг мегаваттга етди. Шундан қуёш, шамол ва гидроэнергетика 8 минг мегаваттни, яъни умумий ҳажмнинг 31 фоизини ташкил этмоқда. 2026 йилда электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажмини 90 миллиард киловатт-соатга етказиш режалаштирилган бўлиб, бу 2020 йилга нисбатан 40 фоиз ўсиш демакдир.
Жорий йилда иқтисодий ўсиш ҳамда тармоқларда ишлаб чиқариш ҳажмларининг ошиши ҳисобига электр истеъмоли яна 1 миллиард киловатт-соатга ортиши кутилмоқда. Шу муносабат билан аҳоли ва иқтисодиёт эҳтиёжларига мос равишда энергия ресурсларини узлуксиз етказиб бериш, тармоқларни янгилаш, инвестицияларни кўпайтириб, йирик лойиҳаларни ўз вақтида ишга тушириш биринчи навбатдаги вазифа сифатида белгиланди.
Бугунги кун ҳолатига кўра, ёқилғи-энергетика мажмуасидаги инвестиция портфели 133 та лойиҳани қамраб олган бўлиб, умумий қиймати 51,4 миллиард долларни ташкил этмоқда. Шундан 43 миллиард долларлик 73 та йирик лойиҳа бўйича тизимли ёндашув қилиб, йил якунига қадар 6 минг 770 мегаватт янги қувватларни ишга тушириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди. Бу 2,8 минг мегаватт қуёш, 2,5 минг мегаватт иссиқлик, 470 мегаватт шамол, 68 мегаватт гидроэнергетика қувватлари ҳамда 884 мегаватт энергия сақлаш тизимларидир.

Бироқ айрим лойиҳаларни келишиш ва ер ажратиш билан боғлиқ жараёнларда турли сусткашликларга йўл қўйилаётгани оқибатида мавжуд лойиҳаларни кенгайтириш ҳамда янгиларини бошлаш орқага сурилаётгани танқид қилинди. Мутасаддиларга ер ажратиш ва тоифасини ўзгартириш ишларини тезлаштириш топширилди.
Умуман, жойларда энергетикани ривожлантириш ва энерготежамкорликни таъминлашда Энергетика вазирлиги ҳамда ҳокимликлар яқин ҳамкорлик ва мувофиқлашув асосида ишлаши зарурлиги қайд этилди.
Лойиҳаларни амалга оширишда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ва маҳсулотлар иштирокини янада кенгайтириш муҳим экани таъкидланди. 2025 йилда инвестиция лойиҳаларида маҳаллий компонент улуши 737 миллион долларни ташкил этган бўлса, 2026 йилда бу кўрсаткични 1 миллиард доллардан ошириш мақсад қилинган.
Жумладан, ўтган йили трансформатор ишлаб чиқариш заводи ишга тушди. Жорий йилда янги турдаги кабель ва муфталарни, шамол электр станциялари миноралари ва парракларини маҳаллийлаштириш лойиҳаларини ишга тушириш, энергия сақлаш тизимларини маҳаллийлаштириш лойиҳасини бошлаш режалаштирилган.
Электр энергиясини ишлаб чиқариш ҳажми ортаётган шароитда уни истеъмолчиларга ўз вақтида етказиб бериш масаласи долзарб экани, лекин қўшимча юқори кучланишли магистрал тармоқлари қурилмаса, генерация қувватларининг истеъмол ҳажмидан ошиб кетиши хавфи мавжудлиги кўрсатиб ўтилди. Ўтган йили электр тармоқларини ривожлантиришга ажратилган маблағларни ўзлаштириш суръати етарли эмаслиги қайд этилди.
















