Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Портловчи материалларни ишлаб чиқариш, ташиш ва сақлаш тартиби қайта белгиланмоқда
“Портловчи моддаларни ишлаб чиқариш, сотиб олиш, сақлаш, транспортда ташиш, улардан фойдаланиш ва ҳисобга олиш тўғрисида”ги йўриқнома лойиҳаси ишлаб чиқилди. Ҳужжат портловчи материаллар муомаласи соҳасида фаолият юритувчи корхоналар учун ягона ва аниқ тартибларни белгилашни назарда тутади.
Лойиҳага кўра, портловчи материалларни ишлаб чиқариш фақат тегишли лицензия асосида амалга оширилади. Янги турдаги портловчи материаллар ва портлатиш ускуналари техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги меъёрий ҳужжатлар талабларига мувофиқ ишлаб чиқилиши ва ваколатли органлар иштирокида синовдан ўтказилиши шарт.
Портловчи материалларни сотиб олиш, сақлаш ва ташиш ишлари махсус рухсатномалар асосида амалга оширилади. Импорт қилинадиган портловчи материаллар эса белгиланган электрон тизим орқали олинадиган рухсатнома асосида республика ҳудудида қўлланилиши мумкин.
Ҳужжатда омборларга қўйиладиган талаблар ҳам аниқ белгилаб берилган. Жумладан:
- портловчи материаллар махсус жиҳозланган ва меъёрий талабларга жавоб берадиган биноларда сақланиши;
- омборлар ёнғин хавфсизлиги, сигнализация ва яшиндан ҳимоя тизими билан таъминланиши;
- сақланаётган материаллар миқдори рухсатномада кўрсатилган лимитлардан ошмаслиги;
- ҳар бир омбор учун алоҳида паспорт юритилиши шарт.
Шунингдек, ташиш тартибига оид нормалар ҳам қайта кўриб чиқилган. Портловчи материалларни автомобил ва темирйўл транспортида ташиш тегишли рухсатнома ва жўнатиш ҳужжатлари асосида амалга оширилади. Йўналишлар эса тегишли ички ишлар органлари билан келишилади.
Йўриқнома лойиҳасида портловчи материалларни ҳисобга олиш, кирим-чиқимни махсус китобларда юритиш, наряд-юкхат ва наряд-йўлланмалар асосида расмийлаштириш тартиби ҳам белгиланган. Ҳужжатлар камида уч йил сақланиши шарт.
Бундан ташқари, портловчи материаллар омборлари узлуксиз қўриқланиши, тақиқланган зона белгиланиши, қўриқлаш хизмати ва алоқа воситалари билан таъминланиши лозимлиги қайд этилган.
Лойиҳада белгиланган талабларни бузган шахслар амалдаги қонунчиликка мувофиқ жавобгарликка тортилиши назарда тутилган.
Мавзуга оид
14:10 / 09.12.2025
Навоийда портловчи модда сотган шахс қамалди
14:47 / 04.07.2025
Портловчи ва заҳарли моддалар айланмасига бўлган талаблар кучайтирилди
14:10 / 21.07.2019
Ҳонгконг полицияси йирик миқдордаги портловчи моддаларни мусодара қилди
07:36 / 25.10.2018