Жамият | 14:10
1096
3 дақиқада ўқилади

Навоийда портловчи модда сотган шахс қамалди 

Зарафшон шаҳрида яшовчи 43 ёшли шахс 775 гр миқдордаги НДСИ-2К маркали портловчи моддани 1,5 млн сўмга сотган вақтида тезкор тадбирда қўлга олинган. У суд ҳукми билан 5,5 йилга озодликдан маҳрум қилинди.  

Фото: Kun.uz 

Навоий вилояти Зарафшон шаҳрида портловчи модда сотган овчи жиноий жазога тортилди. Kun.uz суд ҳужжати билан танишди.

Суд ҳукмида келтирилишича, 1982 йилда туғилган Ж.И. Зарафшон шаҳрида истиқомат қилиб, киракашлик фаолияти билан шуғулланиб келган. У 2017 йилдан овчилик жамияти аъзоси бўлган.

Ж.И. 2025 йил 4 июл куни Зарафшон шаҳрида шартли харидорга 1,5 млн сўмга портловчи модда сотган вақтида тезкор тадбирда ашёвий далиллар билан ушланган. Ички ишлар вазирлиги Эксперт-криминалистика бош марказининг хулосасига кўра, овчи сотган модда 775 гр оғирликдаги НДСИ-2К маркали портловчи модда бўлган. 

Ж.И. судда айбига иқрор бўлган ва портловчи моддани Бухоро вилояти Шофиркон тумани ҳудудида ов қилиб юрганида топиб олганини айтган.

“2017 йилдан овчилик жамиятига аъзоман. ИЖ-27 маркали, 12 калибрли, икки стволли ов қуролини номимга расмийлаштириб олганман. Шундан буён ов мавсумида овга чиқиб тураман. Овда ишлатадиган патронларни овчилик дўконидан сотиб оламан. Кўпинча ўзим қўлбола усулда ясаб фойдаланаман.

2023 йилда Шофиркон туманида зовур атрофида ов қилиб юрган вақтимда ердан 2 дона узинлиги тахминан 35-40 см бўлган порох таёқчаларини топиб олдим. Уларни овда патрон тайёрлаш учун Зарафшон шаҳрига олиб келдим. Сўнгра порох таёқчаларидан бирини ўзимнинг яшаш хонадонимда пичоқ билан майдалаб, патрон ясаб, овда фойдаландим”, деган у суддаги кўрсатмасида.

Овчи содир этган қилмиши жиноят эканини билмаганини айтиб, пушаймонлик билдирган ҳамда суддан енгиллик сўраган.

Ж.И.га нисбатан қўзғатилган жиноят иши ЖИБ Зарафшон шаҳар судида кўриб чиқилди. Суднинг ҳукми билан Ж.И. Жиноят кодексининг 248-моддаси 3-қисмида назарда тутилган жиноятни (ўқотар қуролни, ўқ-дориларни, портловчи моддаларни ёки портлаш қурилмаларини ўтказиш) содир этганликда айбли деб топилган. Унга Жиноят кодексининг 57-моддасини қўллаган ҳолда 5 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланган. 

Мавзуга оид