Маълум қилинишича, Термиз–Истанбул ҳамда Термиз–Дубай йўналишларида янги авиарейслар қўйилиши белгиланди.

Шунингдек, Шўрчи, Денов, Сариосиё, Шеробод ва Бойсун туманларидан ҳар куни 100 мингга яқин аҳоли вилоят марказига енгил автомашинада қатнаб келаётгани қайд этилди. Сурхондарёга олиб келинаётган 125 та автобусни биринчи навбатда ана шу йўналишларга қўйиш топширилди.

Инфратузилма йўналишида йил охиригача Музработ туманидаги 56 минг аҳолига илк бор марказлашган ичимлик сувини етказиб бериш лойиҳаси якунига етказилиши айтилди. Шу билан бирга, Музработ, Олтинсой, Ангор, Қизириқ ва Бойсун марказларига канализация тизимини олиб бориш бўйича лойиҳа ишлари бошланиши белгиланди.