Ижтимоий тармоқларда Сурхондарё вилоятида, Сариосиё–Термиз йўналишида ҳаракатланаётган поезддаги видео тарқалди. Унда йўловчилар ҳамма жойлар бандлиги сабаб ўтиришга жой йўқлигидан йўлакда тик турган ёки чўккалаган ҳолда кетаётганини кўриш мумкин.

“Ўзтемирйўлйўловчи” АЖ изоҳига кўра, Сариосиё–Термиз йўналишида қатновни амалга ошираётган шаҳарлараро поезд 4 та вагондан иборат бўлиб, бу поезд жамоат транспорти тамойили асосида фаолият юритади.

“Ушбу йўналишда чипталар ўриндиқ (жой) рақами кўрсатилмаган ҳолда, яъни жойсиз сотилади. Йўловчилар амалдаги чипта асосида поездга чиқадилар ҳамда бўш ўринларга жойлашадилар. Ҳар бир вагон 81 нафар йўловчини ўтирган ҳолда ташишга мўлжалланган.

Мазкур поезд аҳолига қулай ва ҳамёнбоп транспорт хизмати кўрсатиш мақсадида ташкил этилган бўлиб, бугунги кунда йўловчилар томонидан унга талаб жуда юқори. Айниқса, дам олиш ва байрам кунлари йўловчилар оқимининг кескин ортиши сабабли айрим қатновларда гавжумлик кузатилиши мумкин”, – дейилади расмий ахборотда.

Компания вагон ичида шамоллаш тизими ишламагани ҳақидаги даъволарни рад этди.

“Поезд вагонлари йўловчилар учун зарур қулайликлар билан таъминланган. Жумладан, ёз мавсумида совутиш, қиш мавсумида эса иситиш тизимлари узлуксиз ишлаши таъминланади”, – дейилади “Ўзтемирйўлйўловчи” баёнотида.

Икки ҳафта аввал Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов поездлар ва вокзаллардаги шароитларни танқид қилганди.

“Темирйўлда умуман шароит йўқ. Вагонга минган одам Тошкентга боргунча касал бўлиб қоляпти. На совутиш тизими ишлайди, на шароит бор, на билет бор, на вокзалда шароит бор... Термиздан Сариосиёга қатнайдиган поездларда одам ташиб бўлмайди”, – деганди у.