Ички ишлар вазирининг буйруғи билан, Ички ишлар вазирлиги Академияси магистратура босқичи битирувчиси подполковник Бахтиёр Рахимжонович Иноқов Сурхондарё вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи этиб тайинланди. Бу ҳақда халқ депутатлари вилоят кенгашининг 22 август кунги сессиясида маълум қилинди.
Сессияда қайд этилишича, жорий йилнинг ҳисобот даврида вилоятдаги 723 та маҳалланинг 73 фоизида ёки 528 тасида биронта ҳам жиноят содир этилмаган, ходимларнинг ташаббуслари билан аниқланадиган жиноятларнинг сони 40 фоизга яхшиланган. Шу билан бирга 28 та маҳаллалар “қизил” тоифада қолмоқда. Янги тайинланган ИИБ бошлиғига жиноятчиликка қарши курашиш самарадорлигини ошириш, ҳар бир маҳаллада хавфсизликни таъминлаш, аҳоли билан яқин мулоқотни йўлга қўйиш бўйича вазифалар юклатилди.
Сурхондарё вилояти ИИБнинг аввалги бошлиғи полковник Тимур Исмоилов кеча, 21 август куни ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари – Жамоат хавфсизлиги департаменти бошлиғи этиб тайинланган эди.
Эслатиб ўтамиз, шу кунларда Сирдарё вилояти ИИБда ҳам бошлиқ ўзгарди.









