Ўзбекистон | 09:31 / 03.03.2026
1412
2 дақиқада ўқилади

Ҳаво мониторинги ва тозалаш ускуналари ўрнатган корхоналар рағбатлантирилади

Атмосфера ҳавоси фон мониторинги станциясини ўрнатган ҳамда кейинчалик чанг-газ ва локал оқова сув тозалаш ускуналарини жорий этган корхоналарга компенсация тўловлари бўйича имтиёз ва қайтариш механизмлари қўлланади.

Фото: Kun.uz 

Ҳукумат қарори билан “Атроф-муҳитга таъсир кўрсатиш бўйича I ва II тоифаларга мансуб саноат корхоналарининг атроф табиий муҳитга таъсирини камайтириш ҳаракатларини рағбатлантириш тартиби тўғрисида”ги низом тасдиқланди.

Қарорга мувофиқ, саноат корхоналарининг атроф табиий муҳитга таъсирини камайтиришга қаратилган ҳаракатлари икки босқичда рағбатлантирилади.

1-босқичда — атмосфера ҳавоси ифлосланиши фон мониторинги станциясини ўрнатган саноат корхонасига:

табиатга зарар етказиш бўйича компенсация тўловларидан шаклланган қарздорликдан воз кечилади;
табиатга зарар етказиш бўйича республика бюджетига йўналтириладиган компенсация тўловларининг 50 фоизи 2 йил давомида қайтарилади.

2-босқичда — мониторинг станциясини ўрнатган корхона келгуси 1 йил давомида чанг-газ ва локал оқова сув тозалаш ускуналарини ўрнатса:

республика бюджетига йўналтириладиган компенсация тўловларининг 70 фоизи 2 йил давомида қайтарилади.

Шунингдек, саноат корхонаси мониторинг станцияси ҳамда чанг-газ ва (ёки) локал оқова сув тозалаш ускунасини ўрнатгани тўғрисида Давлат хизматлари марказлари ёки ЯИДХП (my.gov.uz) орқали Экология қўмитасига хабарнома юборади.

Хабарнома ва унга илова қилинган ҳужжатлар Экология қўмитаси томонидан келиб тушган кундан бошлаб 15 иш кунидан ошмаган муддатда кўриб чиқилади. Ўрганиш натижасига кўра, корхонани рағбатлантириш тўғрисида Экология қўмитасининг хулосаси расмийлаштирилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид