Айни пайтда мазкур марказда 12 нафар Ўзбекистон фуқароси бўлиб турибди. Ташриф давомида яшаш шароити ўрганилиб, ватанга тезроқ қайтиш имкониятлари кўриб чиқилди.

Маълум қилинишича, консуллик вакиллари марказда сақланаётган ватандошларимизнинг илтимос ва истакларини тинглаган, шунингдек, Красноярск ҳудудидаги ҳуқуқбузарликларининг хусусияти бўйича маълумотларни қайд этган.

Учрашувда муассаса раҳбарияти фуқароларнинг ушбу марказда бўлиш муддати ҳақида маълумот берган. Шу билан бирга меҳнат шартномалари ва патентларни расмийлаштириш билан боғлиқ муаммолар, уларнинг олдини олиш чоралари юзасидан фикр алмашилган.

Юртдошлар Бош консулхона томонидан кўрсатилаётган эътибор учун миннатдорлик билдириб, ходимларнинг ҳурмати ҳамда яратилган маиший шароитларни ижобий баҳолаган.

Айни пайтда Бош консулхона томонидан мазкур муассасада бўлиб турган 5 нафар фуқарони яқин кунларда ватанга қайтариш масаласи ҳал этилмоқда. Қолган 7 нафар ҳамюртни ҳам тез фурсатда Ўзбекистонга қайтариш режалаштирилгани таъкидланди.