Жамият | 14:17
1068
2 дақиқада ўқилади

Қатарда 91 нафар ўзбекистонлик турар жой билан таъминланди

4 март куни Ўзбекистон элчихонаси вакиллари турли сабабларга кўра Қатарда бўлиб турган ватандошлар ҳолидан хабар олиб, уларга зарур амалий ва ахборот кўмагини кўрсатди.

Фото: “Дунё” АА

Маълум қилинишича, Ўзбекистоннинг Қатардаги фавқулодда ва мухтор элчиси Ашраф Хўжаев Доҳа портига ташриф буюриб, Celestine cruises кемасида бўлган 71 нафар ватандош билан учрашди. Суҳбатда уларга юзага келган вазият бўйича батафсил маълумот берилган.

Хусусан, Ўзбекистон ҳукумати Қатарнинг тегишли идоралари билан ҳамкорликда ватандошлар хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, вазиятдан келиб чиқиб уларни ватанга қайтариш механизмларини ишлаб чиқаётгани таъкидланган.

Шунингдек, Қатар туризм ташкилоти билан келишилган ҳолда 91 нафар фуқаро муносиб турар жой билан таъминланди.

Элчихона вакиллари Grand Regal, Hampton, Jouri Al Murwab ва Retaj Al Rayyan меҳмонхоналарига ташриф буюриб, у ерларда вақтинча истиқомат қилаётган фуқаролар ҳақида аниқ маълумот тўплаган ҳамда уларнинг рўйхатини шакллантирган. Қайд этилишича, бу эҳтимолий эвакуация ёки бошқа ташкилий чора-тадбирларни мувофиқлаштиришда муҳим аҳамият касб этади.

Айни пайтда Қатар ҳаво ҳудуди ёпиқлигича қолмоқда. Мамлакатда бўлиб турган хорижий сайёҳлар эса қўшимча расмий маълумот берилишини кутмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид