2026 йилнинг феврал ойига келиб Покистон ва «Толибон» қарама-қаршилиги янги босқичга чиқди. Томонлар бир-бирига ҳаводан ҳужум уюштиришяпти, дронлар, артиллериядан фойдаланишди. Хўш, икки қўшни мамлакат ўртасида ҳарбий тўқнашувларга нима сабаб бўляпти?
Халқаро тартибот шу даражада заифлашдики, бир давлатнинг бошқа бир мустақил мамлакат ҳудудий яхлитлигига қилаётган тажовузларига на ҳайрат бор, на хавотир. Йиллар давомида шаклланган қоидалар ўрнини хаос эгаллади. Энди ҳамма нарса мумкиндек. Келажак ҳақидаги прогнозлар мавҳумлашган, ташқарида «ўрмон қоидалари» ҳукм сураётган бир замонда Покистон ва Афғонистон ўртасида ҳам қуролли тўқнашувлар бошланди. Дастлаб 22 февралга ўтар кечаси Покистон армияси Афғонистоннинг Нангархар ва Пактика вилоятларига авиазарбалар берди. Расмий Исломобод ҳужумни жангариларнинг чегара бўйлаб жойлашган лагерлари ва бошпаналари ўққа тутилгани билан изоҳлади. Кобул томони зарбалар натижасида аёллар ва болалар ҳалок бўлганини қайт этиб, ҳарбий ҳаракатни «Афғонистоннинг ҳудудий яхлитлиги ва халқаро ҳуқуқнинг қўпол равишда бузилиши» деб атади. 26 феврал куни афғон толиблари ҳам чегара постларига «кенг кўламли ҳужум» уюштирди. Шу тариқа можаро янги босқичга чиқди: томонлар бир-бирига ҳаводан ҳужум уюштиришяпти, дронлар, артиллериядан фойдаланишяпти. Покистон мудофаа вазири Ҳаваж Асиф «Толибон» ҳаракати билан «очиқ уруш» бошланганини эълон ҳам қилди. Хўш, икки қўшни мамлакат ўртасида ҳарбий тўқнашувларга нима сабаб бўляпти? Улар ўртасидаги зиддият илдизи қаерга бориб тақалади?
Чегара муаммоси
2024–2026 йилларда «Толибон» ва Покистон қуролли кучлари ўртасидаги тўқнашувлар «Дюранд чизиғи» бўйлаб юз беряпти. Бу чизиқ бир асрдан кўпроқ вақтдан бери икки мамлакат ўртасидаги сиёсий, этник ва хавфсизлик можароси марказида туради. Узоқ 1893 йил инглиз-афғон урушлари якунида Британия Ҳиндистони ташқи ишлар котиби Мортимер Дюранд ва Афғонистон амири Абдураҳмонхон ўртасида чегара шартномаси имзоланади. Империалистик мамлакатларнинг «Бўлиб ташла, ҳукмронлик қил» тамойили ушбу битимда ҳам ўз аксини топади: чегара чизиғи чизилаётганда географик ва этник омиллар ҳисобга олинмаган. Натижада минтақадаги энг йирик этнослардан бири — пуштунлар икки давлат, ҳозирги Афғонистон ва Покистон ҳудудига бўлиб юборилади.






