БАА расмийлари Эрондан йўлланаётган зарбаларни кескин қоралаб, мамлакат ўзини ҳимоя қилиш учун барча чораларни кўриш ҳуқуқига эга эканини таъкидлади. Шунга қарамай, яқин кунларда Эронга тўғридан тўғри ҳарбий ҳужум режалаштирилмаганини билдирди. Агар ҳужумлар давом этиб, энергетика инфратузилмалар нишонга олинса, жавоб чораларини кўриш эҳтимоли истисно қилинмаяпти. Хўш, минтақанинг қолган давлатлари ҳам шундай ҳаракатга қўл уриши мумкинми? Kun.uzʼнинг “Геосиёсат” дастурида сиёсатшунослар шу ҳақда сўз юритди.

БАА Эронга қарши мудофаа ҳуқуқини эълон қилди, форс кўрфазининг бошқа давлатлари ҳам шундай қилиши мумкинми?

Шавкат Икромов: Юқори мартабали расмийлардан бири шундай баёнот берди, улар Эронга қарши ҳарбий ҳужум эҳтимолини истисно қилмайди, бироқ ҳозирча бундай режа мавжуд эмас ва бу қадамдан тийилишга қарор қилинган. Шу билан бирга, расмийлар мамлакат ҳудудига Эрондан йўлланаётган зарбаларни кескин қоралаб, бу ҳаракатлар халқаро ҳуқуқ нормаларига зид эканини таъкидлади.
Бирлашган Араб Амирликлари ҳам шунга ўхшаш баёнот бериб, бу воқеалар Эрон билан муносабатларга жиддий таъсир кўрсатиши мумкинлигини билдирди. Бироқ улар вазиятнинг тўлиқ ҳарбий тўқнашув даражасига етиб бормаслигига умид билдирган. Расмий баёнотда яна бир муҳим жиҳат тилга олинди: Эрон ушбу можаро давомида мамлакатнинг мудофаа имкониятларини етарлича ҳисобга олмаган.
Улар қаршилик тезда синади, деб ўйлаган бўлиши мумкин, бироқ амалда мудофаа тизимлари анча мустаҳкам экани таъкидланди. Хусусан, Франция билан ҳамкорликда ташкил этилган ҳаво патрули тизими зарбаларни қайтаришда муҳим рол ўйнаётгани айтилди. Шу билан бирга, Бирлашган Араб Амирликлари яқин кунларда Эронга қарши ҳарбий ҳужум бошламаслигини тасдиқлади.
Бироқ бу эҳтимол бутунлай рад этилгани йўқ. Шунга ўхшаш баёнотни Саудия арабистони ташқи ишлар вазири Файсал бин Фарҳан Ал Сауд ҳам билдирди.

У эронлик ҳамкасби билан телефон орқали мулоқот қилганини ва вазият муҳокама этилганини айтди. Саудия Арабистони ҳозирча Эронга қарши тўғридан тўғри ҳарбий ҳужум бошлаш ниятида эмас.

Аммо агар мамлакат ҳудудидаги энергетика инфратузилмаси, нефт конлари, нефтни қайта ишлаш заводлари ёки экспорт терминалларига зарбалар берилса, жавоб чораларини кўриш эҳтимоли истисно қилинмаслиги ҳам қайд этилди. Бундан ташқари, Баҳрайн Форс кўрфази ҳамкорлик кенгашига аъзо давлатлар номидан БМТга мурожаат қилиб, Эронга нисбатан чоралар кўриш ҳамда минтақадаги ҳужумларни тўхтатиш бўйича резолюция таклиф қилди.