Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Эронда янги Олий раҳбар ва Трампдан баёнотлар

9 март куни Эрон хавфсизлик кучларида таъсирга эга Мужтаба Хоминаий отаси Али Хоминаийнинг ўрнига Олий раҳбар этиб тайинланди. Отаси назоратидаги улкан бизнес тармоқларини бошқарган Мужтаба Хоминаий 88 руҳонийдан иборат Экспертлар кенгаши томонидан ўтказилган овоз бериш жараёнида асосий номзод сифатида кўрилаётганди.

Эрон қуролли кучлари ва Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси Мужтаба Хоминаийга содиқлик қасамёдини қабул қилди. Эрон хавфсизлик кенгаши раҳбари Али Ларжоний халқни янги раҳбар атрофида бирлашишга чақирди. Ушбу лавозим Мужтабага Ислом Республикасидаги барча давлат масалаларида сўнгги сўзни айтиш ҳуқуқини беради.

Исроил эса ушбу эълондан олдин ким сайланишидан қатъи назар, уни нишонга олиш билан таҳдид қилганди. АҚШ президенти Доналд Трамп эса Эронга қарши урушни «деярли якунланган» деб ҳисобламоқда. У ўзи режалаштирган дастлабки 4-5 ҳафталик муддатдан «анча илгарилаб кетганини» билдирди.

«Менимча, уруш деярли тугади. Уларда на ҳарбий денгиз флоти, на алоқа тизими ва на ҳарбий ҳаво кучлари қолди», деди Трамп SBC News нашрига.

Ҳормуз бўғози ҳақидаги саволга жавоб берар экан, Трамп ҳозирда кемалар у ерда ҳаракатланаётганини, у бўғозни «эгаллаш ҳақида ўйлаётганини» айтди.

Эроннинг янги Олий раҳбари Мужтаба Хоминаий ҳақида сўралганида эса, Трамп: «менинг унга айтадиган гапим йўқ», деб жавоб берди. Трамп Эронни бошқариш учун ўзининг номзоди борлигини айтди, бироқ айнан кимлигини очиқламади.

Урушнинг оғир оқибатлари эса давом этмоқда. Хусусан, АҚШ ва Исроил ҳужумлари натижасида Эронда 1,3 мингдан ортиқ тинч аҳоли ҳалок бўлган, яна минглаб кишилар яраланган. Ливанда Исроил ҳужуми қурбонлари сони ҳам қарийб 500 нафарга яқинлашди. Эроннинг бир ҳафта олдинги қарши ҳужумида яраланган еттинчи америкалик ҳарбий ҳам вафот этди.

Кенгайиб бораётган уруш нефт савдосига жиддий таъсир кўрсатди. Бир ҳафталик уруши фонида нефт нархи бир баррели учун 100 доллардан ошиб кетди.

Якшанба куни Теҳрон осмонини қора тутун қоплади. Исроил нефт омборларини нишонга олди. Эрон буни «уруш жинояти» ва можаронинг «хавфли янги босқичи» деб атади.