Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Германия миллий нефт захираларидан фойдаланишга тайёр
Берлиндаги ҳукумат миллий нефт захираларидан фойдаланишга рози. Бу ҳақда G7 давлатларидаги ҳамкасблари билан телефон орқали ўтказилган конференциядан сўнг Германия молия вазири Ларс Клингбайл маълум қилди. Германия захиралари 30 миллион тоннадан ошади.
Фото: Daniel Acker/Bloomberg
Германия ҳукумати миллий нефт захираларидан фойдаланишга тайёр. Бу масала дунёнинг етакчи етти мамлакати — G7 молия вазирларининг телефон орқали конференциясида кўриб чиқилди. Бу ҳақда душанба, 9 март куни Германия молия вазирлиги раҳбари Ларс Клингбайл маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, бундай қарорни қабул қилиш вақти ҳали келмаган, аммо вазият, Клингбайл огоҳлантирганидек, ўзгариши мумкин.
Шунингдек, у “Катта еттилик” давлатлари ўртасида миллий нефт захираларидан фойдаланиш имконияти бўйича аниқ келишув мавжудлигини билдирди. Энди бу масалани G7 мамлакатлари энергетика вазирлари ва ҳукумат раҳбарлари муҳокама қилади. Уларнинг ўзи қайси пайт бунинг учун энг мақбул вақт бўлишини ҳал қилади, деб қўшимча қилди у.
Миллий нефт захиралари уруш ёки ҳалокат ҳолатида автомобил ёнилғиси ишлаб чиқариш, иситиш тизимлари ва саноат эҳтиёжлари учун етарли миқдорда нефт мавжуд бўлишини таъминлайди.
Европа Иттифоқи, шунингдек, таркибига дунёнинг 32 давлати кирадиган Халқаро энергетика агентлиги (ХЭА) ўз аъзоларидан камида 90 кунлик импорт ҳажмига тенг нефт захираларини сақлаб туришни талаб қилади.
ХЭА маълумотларига кўра, 2025 йил ноябр ойида Германияда 34,42 миллион тонна нефт сақланган.
Бу ташкилот 1974 йилда тузилганидан бери нефт захираларидан фойдаланишга атиги беш марта рухсат берилган — 1991 йилда Форс кўрфазидаги иккинчи уруш олдидан, 2005 йилда кучли довуллардан кейин, 2011 йилда Ливиядаги фуқаролар уруши вақтида, шунингдек 2022 йилда Россиянинг Украинага қарши кенг кўламли босқинидан сўнг икки марта.
АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши уруши ҳамда Теҳрон томонидан Ҳўрмуз бўғозининг тўсиб қўйилиши фонида миллий нефт захираларидан фойдаланиш жаҳон нефт бозорида нархлар ўсишини секинлаштириши мумкин. Чунки жаҳон нефт савдосининг тахминан 20 фоизи айнан шу бўғоз орқали амалга оширилади.
9 март куни нефт нархи 2022 йилдан бери илк бор 100 АҚШ долларидан ошгани хабар қилинган эди.