Жаҳон | 09:56
1629
3 дақиқада ўқилади

Дубай аэропортида дрон ҳужуми сабабли парвозлар тўхтатилди

Дубай халқаро аэропорти яқинида дрон ҳужумидан кейин ёнғин келиб чиқди, ҳаво қатнови вақтинча тўхтатилди, ёнғин эса назорат остига олинди, деб ёзади Reuters. Бу — уруш бошланганидан бери мазкур аэропортга қилинган учинчи дрон ҳужуми.

Фото: Xia Xiao/Xinhua

Дубай халқаро аэропорти яқинида дрон ҳужумидан сўнг ёнғин чиқди. БАА Фуқаро авиацияси бошқармаси 16 март, душанба куни X ижтимоий тармоғида маълум қилишича, парвозлар вақтинча тўхтатилган. Уларни қачон қайта тиклаш режалаштирилаётганига аниқлик киритилмаган.

Идора маълумотига кўра, бу “барча йўловчилар ва ходимлар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида кўрилган эҳтиёт чоралари” билан боғлиқ бўлган.

“Дубай халқаро аэропорти яқинидаги дрон ҳодисаси ёқилғи резервуарларидан бирига таъсир қилди”, — деб хабар қилди Дубай матбуот хизмати. Reuters агентлиги маълум қилишича, ёнғин кўп ўтмай назорат остига олинган.

Полиция аниқлик киритишича, аэропортга олиб борувчи йўллар ва туннеллардаги ҳаракат вақтинча тўсиб қўйилган, Emirates авиакомпанияси эса Дубайга парвозларни тўхтатган. Қатор рейслар Ал-Мактум халқаро аэропортига йўналтирилган.

Reuters эслатишича, мазкур ҳодиса Форс кўрфази давлатларига Эрон ҳужумлари 28 февралдан бошланганидан бери дунёдаги энг серқатнов транспорт тугунларидан бири бўлган Дубай халқаро аэропортидаги учинчи шундай ҳолат бўлди.

АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши уруши халқаро авиацияда тартибсизликка олиб келди. Ракета ва дрон ҳужумлари таҳдиди сабабли Яқин Шарқ ҳаво ҳудудининг катта қисми ёпиқлигича қолаётгани учун рейслар бекор қилинмоқда, кечиктирилмоқда ва бошқа йўналишларга бурилмоқда, шу билан бирга ёқилғи нархи кескин ошиб бормоқда.

Ҳукумат маълум қилишича, уруш бошланганидан бери БАА ҳаво мудофааси тизими 1500 дан ортиқ Эрон дрони ва қарийб 300 та ракетани тўсиб қолган. БАА мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, можаронинг кескин босқичи бошланганидан бери олти киши ҳалок бўлган, улардан тўрт нафари тинч аҳоли вакилларидир.

28 февралдан бери АҚШ ва Исроил Эронга қарши кенг кўламли ҳаво ҳужумларини амалга оширмоқда. Бунинг натижасида Ислом Республикасининг олий раҳбари Али Хоминаий ва Эрон раҳбариятининг бошқа аъзолари ўлдирилган.

Жавоб тариқасида Эрон Исроил ва Форс кўрфази давлатлари ҳудудига зарбалар бермоқда.

Бундан ташқари, Теҳрон Форс кўрфази билан Ҳинд океани ўртасидаги Ҳўрмуз бўғозида тижорий кемачилик учун блокада эълон қилди. Урушгача жаҳон нефт савдосининг тахминан бешдан бир қисми айнан шу сув ҳудуди орқали ўтар эди. Бу эса бутун дунё бўйлаб ёнилғи нархларининг сакрашига сабаб бўлди. 10 март куни Эрон Ҳўрмуз бўғозини миналашни бошлагани ҳақида хабарлар пайдо бўлди. АҚШ Эроннинг 16 та мина қўювчи қайиғини йўқ қилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид