АҚШ ва Исроилнинг Эрон билан қарийб саккиз ойлик можароси янги босқичга ўтиши мумкин. New York Times нашрининг АҚШ расмийлари ва муҳокамалардан хабардор манбаларга таяниб ёзишича, икки давлат ҳарбийлари Америкадаги оралиқ сайловлардан кейин Эронга яна зарба бериш бўйича аниқ режалар тузган.
Операция қисқа, аммо шиддатли бўлиши кутилмоқда. Айрим ҳарбий режа тузувчилар уч кунлик кампания Эрон иқтисодиётига жиддий зарар етказиб, Теҳронни ён беришга мажбур қилишига ишонади. Нашрга кўра, тайёргарлик доирасида АҚШ ва Исроил самолётлари Ироқ осмонида зарба бериш манёврларини машқ қилмоқда. АҚШ мудофаа вазири Пит Ҳегсет эса шу ҳафта Исроилда бош вазир Бинямин Нетаняҳу билан учрашиб, янги зарбаларни муҳокама қилганди.
Нишонлар орасида Эроннинг энергетика инфратузилмаси, ядровий объектлари ҳамда ракета ва дрон арсенали бўлиши мумкин. Бироқ айрим расмийларнинг айтишича, нефтни қайта ишлаш заводлари ва нефт инфратузилмаси четлаб ўтилади. Чунки АҚШ президенти Доналд Трамп бензин нархи янада ошишини истамайди.
Режаларда Эроннинг ядро дастури ҳам бор. Хусусан, “Кирка тоғи” (Pickaxe Mountain) деб аталадиган, ер остига чуқур жойлаштирилган объектга ҳужум қилиниши мумкин. Трамп ўтган ҳафта унга қарши “Барча бомбаларнинг онаси” лақабли, қарийб 10 тонналик MOAB бомбасини қўллашни ўйлаётганини айтди. Бироқ мутахассисларнинг айтишича, MOAB ер устида портлайди. Шу сабабли у гранит тоғ остидаги объектни йўқ қила олиши даргумон.
Зарба қачон берилиши, умуман берилиш-берилмаслиги эса Трампнинг қарорига боғлиқ. У шу йил йирик жангларга қайтиш режаларини бир неча бор рад этган. Октябр бошида ҳам икки давлат ҳарбий-ҳаво кучлари энг юқори шайлик ҳолатида турганди. Аммо Трамп сўнгги дақиқада ҳужумни кечиктирди. Бир қўмондоннинг айтишича, бундай қарорлар ҳарбий режа тузувчилар орасида “ҳар кунги кескин силкиниш”га сабаб бўлмоқда.

Расмийлар Трамп октябрнинг ўзида ҳужум бошлаши эҳтимолини кичик деб ҳисоблайди. Бунинг сабабларидан бири президентнинг ноябрдаги сайловларгача зарба бермаслик ҳақида берган ваъдаси. Қолаверса, АҚШ ҳарбий кучлари, жумладан, учта авианосец, минглаб денгиз пиёдалари ва махсус операциялар кучлари ноябр бошидагина тўлиқ жойлашиб бўлади.
Times'нинг ёзишича, АҚШ ҳарбийлари ҳужумларни тун қоронғисида ўтказишни афзал кўради. Ноябр бошида эса Эрон осмонида қоронғи соатлар кўпаяди.



















