Президент Шавкат Мирзиёев жамоатчилик вакиллари билан бирга мамлакатимизга келтирилган янги «Hyundai Rotem» тезюрар поездида Самарқанддан Нарпай туманига борди.

«Буюк саркарда Жалолиддин Мангуберди номи билан аталган ушбу поезд мамлакатимизга етказиб берилиши режалаштирилган олтита “Hyundai Rotem” поездларидан биринчиси. Поезд етти вагондан иборат, соатига 260 километргача тезликда ҳаракатлана олади.

Ойналари қорайтирилган оқ рангли таркиб Ўзбекистон байроғини эслатувчи мовий, яшил ва қизил рангли чизиқлар ҳамда “Жалолиддин Мангуберди” ёзувига эга. Поезднинг узунлиги 175 метрни, сиғими эса учта – ВИП, бизнес ва эконом тоифаларида 390 нафарга яқин йўловчини ташкил этади.

Поезд Ўзбекистон иқлими учун махсус ишлаб чиқилган бўлиб, чангга, жуда юқори ва жуда паст ҳароратларга ҳамда қум бўронларига чидамли тизимлар билан жиҳозланган, узоқ масофаларга мўлжалланган», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Яқин орада «Жалолиддин Мангуберди» поезди Тошкент – Урганч – Хива йўналиши бўйлаб қатнай бошлайди. Қатнов вақти 7 соатни ташкил этиши кутилмоқда.

Сафар чоғида давлат раҳбари вилоят фаоллари, меҳнат фахрийлари ва илғор ёшлар билан самимий суҳбатлашди.

Мамлакатда бўлаётган кенг кўламли ўзгаришлар, тобора кўпайиб бораётган йирик лойиҳалар, одамлар фаровонлиги ва қулайлиги учун амалга оширилаётган эзгу ташаббуслар ҳақида фикр алмашилди.

Нарпайга келгач, президент гидропоника усулида ташкил этилган қулупнайчилик иссиқхонаси фаолияти билан танишди.

Самарқандда азалдан деҳқончилик маданияти ривож топган. Ер ва сувдан унумли фойдаланиш бўйича тажриба катта. Нарпай туманида ҳам ҳар қарич ер майдони ва мавжуд сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, илғор агротехнологияларни жорий этишга эътибор ортиб бормоқда.