Ўзбекистон | 18:22
2496
4 дақиқада ўқилади

Самарқанд вилоятида йирик лойиҳаларни ишга тушириш ва қурилишини бошлашга старт берилди

Президент Шавкат Мирзиёев Самарқанд вилоятига ташрифи доирасида ҳудудда йирик лойиҳаларни ишга тушириш ва қурилишини бошлашга бағишланган маросимда иштирок этди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Тадбир доирасида вилоятда озиқ-овқат, енгил саноат, кимё ва фармацевтика, қурилиш материаллари, металл ва мебел саноати соҳаларида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар кўргазмаси ташкил этилди. Давлат раҳбари ҳудуднинг замонавий ишлаб чиқариш қувватлари, илғор техника ва технологиялари, саноат маҳсулотлари билан танишди.

Самарқанд вилояти мамлакат иқтисодиётида стратегик ўринга эга ҳудуд сифатида барқарор ривожланиб бормоқда. Сўнгги йилларда бу ерда саноат ҳажми изчил ўсиб, қулай ишбилармонлик ва инвестиция муҳити маҳаллий ҳамда хорижий сармояларни кенг жалб этишга мустаҳкам замин яратди. Чет эл капитали иштирокидаги корхоналарнинг сони йилдан-йилга ортиб бораётгани бу борадаги ижобий динамикани яққол тасдиқлайди.

Маросимда шаҳар ва туманларда қарийб 7 миллиард доллар инвестиция ҳисобига 106 та янги лойиҳа ишга тушириш ва қурилишга тайёр экани ҳақида ахборот берилди. Тадбирга видеоалоқа орқали янги қурилаётган ва ишга туширилаётган лойиҳаларнинг масъуллари ҳам уланди.

Ушбу лойиҳалар вилоят иқтисодиётининг турли тармоқларини қамраб олган. Жумладан, тоғ-кон саноати ва геология, қурилиш материаллари, автосаноат, кимё саноати, электротехника, қишлоқ хўжалиги, таълим, соғлиқни сақлаш, хизмат кўрсатиш ва туризм соҳаларида янги қувватларни ишга тушириш ҳамда истиқболли объектлар қурилишини бошлаш назарда тутилган.

Маросимда Шавкат Мирзиёев лойиҳалар ижрочилари, маҳаллий ва хорижий компаниялар вакиллари билан суҳбатлашди, уларнинг таклиф ва ташаббусларини тинглади. Бу каби лойиҳалар Самарқанд вилоятининг саноат салоҳиятини янада мустаҳкамлаш, ишлаб чиқариш тармоқларини модернизация қилиш ва ҳудудда барқарор иқтисодий ўсишни таъминлашда муҳим омил бўлиши таъкидланди.

Шундан сўнг давлат раҳбари рамзий тугмани босиб, Самарқанд вилоятидаги йирик лойиҳаларни ишга тушириш ва янгиларининг қурилишини бошлаб берди.

Жумладан, Австрия, Хитой, Бирлашган Араб Амирликлари, Туркия, Ҳиндистон ва Россия билан ҳамкорликда 2 миллиард 400 миллион долларлик 53 та лойиҳа ишга тушди.

Шунингдек, Нидерландия, Япония, Жанубий Корея, Хитой, Бирлашган Араб Амирликлари, Туркия, Россия ва Эрон билан ҳамкорликда 4 миллиард 600 миллион долларлик 53 та лойиҳа бўйича қурилиш ишлари бошланди.

Ушбу лойиҳаларнинг амалга оширилиши ҳисобига 18 мингта янги иш ўрни яратиш, 13 триллион сўмлик саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва бунинг натижасида 700 миллион долларлик экспорт салоҳиятини таъминлаш имконияти пайдо бўлади. Бу эса вилоят саноатини диверсификация қилиш, замонавий ишлаб чиқариш занжирларини кенгайтириш ва экспорт географиясини янада оширишга хизмат қилади.

Шу ернинг ўзида президентга Нарпай туманида сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ва насос станцияларини давлат-хусусий шериклик асосида бошқарувга бериш бўйича амалга оширилган ишлар ва истиқболдаги режалар тақдимот қилинди.

Нарпай туманидаги 8 та насос станция ДХШ асосида хусусий секторга берилган. Ўтган даврда 21 та насос агрегатлари 12,3 миллиард сўм инвестиция киритиш ҳисобига янгилангани натижасида йиллик энергия истеъмоли 68,1 миллион киловатт-соатдан 34,1 миллион киловатт-соатгача камайтиришга эришилди.

Умуман, Самарқанд вилоятининг сув хўжалигига янги илмий ёндашувлар жорий қилинмоқда. Бу борада илм-фан ва амалиёт уйғунлигини таъминлаш мақсадида вилоят ҳокимига илмий маслаҳатчи бириктирилмоқда. Шунингдек, соҳада дуал таълим йўлга қўйилиб, 72 нафар талабанинг сув хўжалиги, қишлоқ хўжалигини механизациялаш, гидротехника ва гидроэнергетика, кадастр ва экология йўналишларида 6 ойлик узлуксиз амалиёти йўлга қўйилади.

Давлат раҳбари бу ишларни изчил ва тизимли давом эттириш юзасидан мутасаддиларга топшириқлар берди.

Дилшодбек Асқаров
Тайёрлаган Дилшодбек Асқаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид