Покистон АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши урушига барҳам бериш мақсадида ўтказиладиган музокаралар учун майдон тақдим этишга тайёр. Бу ҳақда сешанба, 24 март куни, Покистон бош вазири Шаҳбоз Шариф X ижтимоий тармоғида маълум қилди.

“Покистон Яқин Шарқдаги урушни тўхтатиш, минтақа ва ундан ташқарида тинчлик ҳамда барқарорликни таъминлаш мақсадида мулоқотни йўлга қўйишга қаратилган саъй-ҳаракатларни олқишлайди ва тўлиқ қўллаб-қувватлайди”, — деб ёзди у.

“АҚШ ва Эрон томонидан розилик билдирилган тақдирда, Покистон мазмунли ва самарали музокараларни ўтказишга кўмаклашиш ҳамда жорий можарони ҳар томонлама тартибга солишга қаратилган жараён учун мезбонлик қилишга тайёр ва буни ўзи учун шараф деб билади”, — дея қўшимча қилди Шариф.

AFP агентлигининг аниқлашича, Покистон ҳукумати раҳбари Эрон президенти Масъуд Пезешкиён билан суҳбатлашганини ва минтақада тинчликка эришиш йўлида ёрдам беришга ваъда қилганини маълум қилди. IRNA агентлиги хабарига кўра, Эрон ташқи ишлар вазирлиги 23 март куни “дўст мамлакатлар”дан АҚШнинг музокаралар ҳақидаги сўровини англатувчи хабар олганини билдирган.

Шу орада АҚШ президенти Доналд Трамп 24 март куни Оқ уйда журналистларга Вашингтон Эрондаги “керакли одамлар” билан вазиятни муҳокама қилаётганини ва улар “жуда ҳам келишувга эришишни исташини” яна бир бор айтди.

Трампнинг сўзларига кўра, АҚШ томонидан бу мулоқотларда давлат котиби Марко Рубио ва вице-президент Жеймс Дэвид Вэнс иштирок этмоқда.

АҚШ раҳбари, шунингдек, Теҳрон ядровий қурол яратишдан воз кечишга тайёр эканини ҳам таъкидлади, бироқ воқеалардан олдинлаб кетмасликка чақирди.

Бундан ташқари, Reuters агентлиги хабар беришича, Доналд Трамп Эрон томонидан энергетика соҳасида берилган қандайдир катта имтиёз ҳақида гапирган, аммо тафсилотларни очиқламаган. Унинг айтишича, бу “совға” Ҳўрмуз бўғози билан боғлиқ бўлиб, “жуда катта маблағга арзийди”. Трамп бу масала ядровий энергетикага эмас, балки нефт ва газга тааллуқли эканини қўшимча қилди.

Бундан аввал, 24 март куни Исроилнинг Ynet нашри эронлик амалдорга таяниб ёзишича, Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Арағчи Трампнинг махсус вакили Стивен Уиткофф билан телефон орқали мулоқот чоғида янги олий раҳбар Мужтаба Хоминаий гўёки Теҳроннинг Вашингтон билан музокара ўтказишини маъқуллаганини айтган. Бу маълумот расман тасдиқлангани йўқ.