Жаҳон | 17:16 / 27.03.2026
7029
2 дақиқада ўқилади

Эрон ҳукумати захирадаги 1 миллион аскарни сафарбар қилди – ОАВ

Улар Қўшма Штатларнинг қуруқлик орқали бостириб киришига тайёр туриши керак.

Фото: Anadolu/Getty Images

Эроннинг 1 миллиондан ортиқ фуқароси мамлакат жанубига сафарбар қилинди, деб хабар берди Tasnim ва Mehr нашрлари. Улар Қўшма Штатларнинг қуруқлик орқали бостириб киришига тайёр туриши керак.

Эрон оммавий ахборот воситаларига кўра, расмийлар, шунингдек, «Басиж» бўлинмалари, Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (ИИҚК) ва мунтазам армияга жанговар ҳаракатларда иштирок этиш учун қўшилишни истаган ёшларнинг оммавий аризалари оқимини қайд этмоқда.

Эрон қуролли кучларининг умумий сони - мунтазам армия (Артеш) ва Ислом инқилоби қўриқчилари корпусини (ИИҚК) ҳам қўшиб ҳисоблаганда - тахминан 610-860 минг амалдаги ҳарбий хизматчига тенг.

ИИҚК элита тузилма ҳисобланади ва қуруқлик, ҳаво ва денгиз кучларини ўз ичига олган ҳолда тахминан 150-190 минг кишини ташкил этади. ИИҚК тузилмасига кирувчи «Басиж» милицияси таркибига 90 мингга яқин фаол иштирокчи ва юз минглаб сафарбарлик захиралари киради.

Назарий жиҳатдан уларнинг сафарбарлик салоҳияти 10 миллион кишигача етиши мумкин.

Аввалроқ, 26 март куни The Wall Street Journal газетаси АҚШ Конгрессидаги уч республикачига, жумладан, Вакиллар палатаси ва Сенатнинг қуролли кучлар бўйича қўмиталари раисларига таяниб, Эронга қарши АҚШ қуруқликдаги операцияси яқин орада бошланиши мумкинлиги ҳақида хабар берган эди. Шу билан бирга, манбалар аниқ муддатларни айтмади.

АҚШ денгиз пиёдаларидан Эроннинг жанубий қирғоқларидаги бир ёки бир нечта оролларни эгаллаб, Ҳўрмуз бўғози орқали кема қатновини тиклаш учун фойдаланиши мумкин. Бунгача Axios Қўшма Штатлар ороллардан бирини босиб олиш ёки блокада қилиш режаларини ўрганаётгани ҳақида маълумот берган эди.

Шунингдек, Пентагон 82-ҳаво-десант дивизиясининг 2 мингга яқин ҳарбий хизматчисини Яқин Шарққа кўчиришни буюргани айтилмоқда. 3 кун олдин Исроил ҳукумати Эронга қарши ҳарбий ҳаракатлар ва «Ҳизбуллоҳ» ҳаракати фонида 400 минггача захирадаги аскарни сафарбар қилиш режасини тасдиқлаган эди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид