Спорт | 09:30 / 27.03.2026
2456
2 дақиқада ўқилади

Футбол клубларини ишончли бошқарувга бериш амалиёти жорий этилади

Президентнинг янги қарорига кўра, Ўзбекистонда спорт соҳасини молиялаштириш тизими такомиллаштирилиб, унга тадбиркорлик субъектларини кенг жалб қилиш механизмлари йўлга қўйилади.

Қайд этилишича, “Спорт соҳасини молиялаштириш механизмларини такомиллаштириш ва соҳага тадбиркорлик субъектларини жалб қилишни кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор (ПҚ–107-сон, 2026 йил 24 март) билан соҳада замонавий молиялаштириш механизмларини жорий этиш, муқобил манбаларни кенгайтириш ҳамда ажратилаётган маблағлар самарадорлигини ошириш асосий вазифалардан этиб белгиланди.

Ҳужжатга мувофиқ, Спорт вазирлиги ҳузурида Спорт соҳасида ташаббусларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилади. Мазкур жамғарма орқали соҳада янги лойиҳаларни молиялаштириш ва қўллаб-қувватлаш кўзда тутилган.

2026 йил 1 апрелдан бошлаб қатор янги тартиблар кучга киради. Жумладан, спорт федерациялари (уюшмалари) фаолияти билан боғлиқ йиллик харажатларнинг камида 20 фоизи миқдорида ҳомийлик маблағи киритган тадбиркорлар уларнинг ижро органларига киритилиши мумкин бўлади.

Шунингдек, профессионал футбол клублари фаолияти билан боғлиқ йиллик харажатларнинг камида 20 фоизи миқдорида ҳомийлик маблағини таъминлаган тадбиркор ёки тадбиркорлар гуруҳига мазкур клубни ишончли бошқарувга бериш амалиёти жорий этилади. Бу эса клубларнинг молиявий барқарорлигини таъминлаш ва бошқарув самарадорлигини оширишга хизмат қилиши кутилмоқда.

Бундан ташқари, 2026 йил 1 апрелдан 2029 йил 1 апрелга қадар Суперлига ва Пролигада иштирок этувчи футбол клублари футболчилари жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини тўлашдан озод қилинади. Улар учун ижтимоий солиқ ставкаси эса 1 фоиз миқдорида белгиланади.

Мазкур ўзгаришлар спорт соҳасига хусусий секторни кенг жалб қилиш, инвестицияларни ошириш ҳамда футбол клубларининг рақобатбардошлигини кучайтиришга хизмат қилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид